Шавкат Мирзиёев 22 май куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Туркия парламенти раиси давлатимиз раҳбарига президент Ражаб Тоййиб Эрдоғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги юксак босқичи, барча даражада фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан таъкидланди.
Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Икки мамлакатда қўшма маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия қонун чиқарувчи органлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган.
Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда ва олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳлари ва тегишли қўмиталарнинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди.
Инвестиция дастурларини илгари суриш, туризм, ишбилармонлик ва таълим алмашинувларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тузилмалар, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)