Telegram мессенжеридаги каналларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг биносида пилла боқилаётгани тасвирланган видео тарқалди. “Дарё” мазкур ҳолатга изоҳ олиш мақсадида масъуллар билан боғланди.
Коллеж директори Шуҳрат Султоновнинг айтишича, коллеж шу тарзда пилла режасини бажармоқда.
Коллежимиз Сув хўжалиги вазирлигига қарашли Сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ҳисобланади. 750 ўринга мўлжалланган. Аммо айни кунда таълим муассасамизда 176 нафар ўқувчи ўқийди. Аксарият хоналаримиз бўш ва жиҳозсиз. Шу сабаб бўш турган хоналардан фойдаланиб, даромад қилиш, белгиланган режани бажариш учун пилла боққан эдик, — дейди коллеж директори.
Масъулнинг маълумот беришича, коллежнинг 25 гектар ерга эгалик қилувчи ёрдамчи хўжалиги ҳам мавжуд бўлиб, унда, асосан, мавсумий ишчилар фаолият юритади.
Пилла қуртини шу ёрдамчи хўжаликдаги ходимларимиз парвариш қилади. Ўқувчилар таҳсил олувчи бино бу бинодан алоҳида жойлашган бўлиб, пилла боқиш дарс жараёнларига халал бермайди, — дейди Шуҳрат Султонов.
Айни кунда 8 та йўналиш бўйича ўқувчиларга таҳсил берувчи коллеж директорининг билдиришича, таълим даргоҳи жорий мавсумда 168 кило пилла топшириши кераклиги белгиланган.
Айнан даромадимиз қанча, аниқ билмайман. Ҳозир ёдимда йўқ, — дейди пилла етиштиришдан даромад қилишини айтган коллеж раҳбари.
Изоҳ (0)