Ўзбекистонда “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби ўзгартирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилиши ҳамда “яшил молиялаштириш” механизмларининг такомиллаштирилиши муносабати билан “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарори қабул қилинди.
Қўшимчаларга мувофиқ, генерация объектини рўйхатдан ўтказганлик учун Марказий банкнинг расмий курси бўйича миллий валютада қуйидаги миқдорларда бир марталик йиғим ундирилади:
- қуввати 1 МВт гача бўлган генерация объектлари учун — 100 евро;
- қуввати 1 МВт дан 5 МВт гача бўлган генерация объектлари учун — 500 евро;
- қуввати 5 МВт дан 10 МВт гача бўлган генерация объектлари учун — 1000 евро;
- қуввати 10 МВт дан 50 МВт гача бўлган генерация объектлари учун — 1 500 евро;
- қуввати 50 МВт дан юқори бўлган генерация объектлари учун — 2 000 евро.
Сертификатларни чиқариш учун ариза берилади ва қуйидаги маълумотлар киритилади:
ягона электр энергетикаси тармоғига узатилган электр учун:
- CCD04 шаклдаги тўлдирилган ва имзоланган сўровнома (генерация объекти ёки объектлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори, иштирокчи номи);
- корхонанинг умумий фаолияти тўғрисида маълумотлар;
- электр энергияси ишлаб чиқариш давомийлиги ва унинг ҳажми (кВт/с);
- генерация объектларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳолати “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ (“Ўзэнергосотиш” АЖ ёки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ) томонидан тасдиқланган ҳужжат;
- сертификат чиқариш учун мўлжалланган регистрантнинг иштирокчи аккаунти маълумотлари;
тўғридан тўғри сўнгги фойдаланувчига узатилган электр учун:
- CCD04 шаклдаги тўлдирилган ва имзоланган сўровнома;
- корхонанинг умумий фаолияти тўғрисида маълумотлар;
- электр энергияси ишлаб чиқариш давомийлиги ва унинг ҳажми (кВт/с);
- электр энергиясини тўғридан тўғри қабул қилган сўнгги фойдаланувчи ва генерация объекти эгаси томонидан тузилган муайян даврда узатилган электр ҳажмини тасдиқловчи далолатнома;
- сертификат чиқариш учун мўлжалланган регистрантнинг иштирокчи аккаунти маълумотлари;
- генерация объектларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳолати бўйича электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимидан олинган ва электр энергиясини сотиб олувчи томонидан тасдиқланган ҳужжат.
Ҳужжат уч ой ўтиб, 16 июлдан кучга киради.
“Яшил энергия” сертификатлари
Президентнинг 2023 йил 12 майдаги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги ГЭСларда, 1 октябрдан эса қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун сертификатлар жорий этилди. Октябрга келиб, ҳукумат қарори билан “Яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Жорий ҳисоб-китобларга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфида 53 та ГЭС мавжуд бўлиб, умумий гидроэнергетик қуввати 2 225 МВт га тенг. ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, жамият томонидан йилига 7 миллион дона “яшил энергия” сертификатлари биржа савдога чиқарилиши ҳамда талабгорларга тақдим қилиш имконияти мавжуд. Бир дона “яшил энергия” сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1000 киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилганини тасдиқлайди.
2030 йилга бориб иқтисодиётда энергия самарадорлиги 2 карра оширилиб, қарийб 50 миллиард киловатт/соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.
“Яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадлар солиққа тортилмайди.
Изоҳ (0)