Тошкентда ЙПХдан қочиб, бир неча автомобилларга шикаст етказган Gentra’да бўлганларнинг 3 нафари 7 суткага қамалгани хабар қилинганди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

19 апрель куни фуқаро Ж.О. отаси номида бўлган Gentra’ни (давлат рақами ечилган) таниши, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган аёл — С.П.га бошқариш учун бериб, ўзи автомашинанинг олди йўловчи ўриндиғида келган, орқа ўриндиғида уч нафар уларнинг танишлари П.Г., Қ.Д., Р.Б. бўлган.
Улар Чилонзор тумани ТҲАЙ—Чорбоғ кўчасида тартибсиз ҳаракатланиб, дастлаб Damas’ни уриб юбориб, шикаст етказган. Шунда ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари уларга тўхташ буйруғини берган бўлса-да, С.П. бунга бўйсунмасдан, Ж.О.нинг кўрсатмаси бўйича ҳаракатни давом эттирган.
Оқибатда у Cobalt ва 2 та Gentra автомобиллари билан тўқнашув содир қилиб, ҳайдовчиларга тан жароҳати ва автомашиналарга шикаст етказган. Сўнг Matiz русумли автомашина (жами 5 та автомашина) билан тўқнашув содир қилиб, бошқарувни тўхтатган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда фуқаролар С.П. ва Ж.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “б” банди (ўзганинг мулкига шикаст етказиш) ва 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ўз навбатида, автомобилнинг орқа ўриндиғида келган фуқаролар П.Г., Қ.Д., Р.Б. жамоат жойида майда безорилик ва ички ишлар органларининг қонуний талабларини бажармагани ҳамда ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик) ва 194-моддалари (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)