Скандинавия давлатлари ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликдаги мудофаа учун ресурсларни бирлаштиришмоқда. Бу билан келажакдаги Россия билан эҳтимолий можарога тайёрланишяпти. Бу ҳақда Америка нашрлари Шимолий мамлакатлар вакиллари ва Дания разведкаси маълумотларига таяниб хабар берди.

Экспертларнинг фикрича, Швеция, Финляндия, Дания ва Норвегия ўртасидаги мувофиқлашувнинг ҳозирги даражаси минтақанинг замонавий тарихида мисли кўрилмаган ҳодисадир.
Тўртта шимолий мамлакат (Швеция, Финляндия, Дания, Норвегия) Россияга тажовузкорона муносабатда бўлиб, ўз имкониятларидан ташқари зарба бериш учун ресурсларни бирлаштирмоқда... Скандинавияликларнинг Россияга келажакдаги жиддий таҳдид сифатида қарашлари бу мамлакатларни ҳар қачонгидан ҳам яқинлаштирди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.
Нашрнинг таъкидлашича, яқин 3-5 йил ичида ушбу мамлакатларнинг Россия билан ҳарбий можарога кириши эҳтимоли жуда юқори. Газета, шунингдек, бир неча ҳафта ичида 280 минг аскарни сафарбар қила оладиган Финляндия армиясининг юқори даражадаги тайёргарлигига эътибор қаратиб ўтди. Аён бўлишича, мамлакат захирадагиларининг умумий сони тахминан 900 минг кишини ташкил этади.
Финляндия ва Швецияда муддатли ҳарбий хизмат мавжуд бўлиб, бу мамлакатларга қуролли кучлар сонини тезда кўпайтириш имконини беради. Финляндия халқаро муносабатлар институти катта илмий ходими Матти Песунинг сўзларига кўра, бирлашган Скандинавия блоки Европанинг бошқа минтақалари учун намуна ва НАТОнинг эҳтимолий заифлашувидан ўзига хос суғурта бўлиши мумкин.
Германия расмийлари Россиядан қўрқув фонида миллий қуролли кучлар сонини кўпайтириш бўйича қўшимча чоралар кўраётганлиги айтилган эди. Мюнхен Бундесвер университети профессори Карло Масаллонинг сўзларига кўра, ҳозирда Германия армиясида 182 мингга яқин киши бор, бу талаб қилинадиган 460 минг ҳарбий хизматчидан анча кам. Ушбу номутаносибликка жавобан Германия ҳукумати Швециянинг “умумий мудофаа” концепциясини намуна сифатида олиб, ҳарбий кадрлар тизимини ислоҳ қилиш ниятида эканлигини эълон қилди.
Изоҳ (0)