Қозоғистонда 21 апрель куни кечқурун номаълум шахс Чимкент ҳокими ўринбосари Руслан Берденовга қарата ўқ узди. Амалдор ўқотар қуролдан яраланиб, касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Ҳодиса шаҳар ҳокимияти биноси яқинида юз берган. Жабрланувчининг партиядоши Бейбит Алибековга кўра, “замҳоким”га уч марта ўқ узилган. У сон ва елка қисмидан ўқ жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Берденов операция қилинган, ҳаёт учун хавф йўқлиги айтилмоқда. Ҳоким ўринбосарининг ҳозирги аҳволи оғир барқарор деб баҳоланган.
Жабрланувчининг операциядан кейинги ташхиси — ўнг кўкрак қафасининг тешиб ўтувчи ўқотар жароҳати, ўнг ўпка пастки қисмининг жароҳатлари, қовурғалараро артериялар ва диафрагманинг кўплаб шикастланишлари, шунингдек, ўнг томонда гемопневмоторакс.
Бундан ташқари, жигар шикастланиши, қорин бўшлиғидаги чуқур жароҳатлар, ички қон кетиш, ўнг буйрак, елка ва билакнинг жароҳатлари, ташқи қон кетиш ташхиси қўйилган. Плевропулмонал ва геморрагик шок қайд этилган.
Таъкидланишича, жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахс қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳолат юзасидан суиқасд қилиш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда. Бошқа маълумотлар тергов манфаатларини кўзлаб ошкор этилмайди.
Изоҳ (0)