Беларусь президенти Александр Лукашенко «Суверенитет ва конституциявий тузум ҳимояси тўғрисида»ги декрет (қонун кучига эга бўлган қарор, фармойиш)ни имзолади, деб ёзади Meduza.
«БелТА» маълум қилишича, ушбу ҳужжат давлат раҳбарининг суиқасд, террорчилик ҳаракати, ташқи тажовуз ва бошқа зўравонлик ҳаракатлари натижасидаги ўлими юз берган тақдирда барча давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари Хавфсизлик кенгаши (унинг мажлисларида бош вазир раислик қилади) қарорларига мувофиқ ҳаракат қилишини кўзда тутади.
Айни вақтда мамлакат ҳудудида зудлик билан фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинади, Хавфсизлик кенгаши томонидан эса уларни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади.
Декретга мувофиқ, Хавфсизлик кенгаши губернаторлар билан биргаликда янги президент сайловини ўтказиш масаласини ҳал қилиши, унинг санасини белгилаши керак. Ҳужжат имзолаган вақтдан бошлаб кучга киради.
Беларусда фавқулодда вазият юз берган тақдирда президент ваколатларининг Хавфсизлик кенгашига ўтиши ҳақидаги декретнинг тайёрланаётгани ҳақида Лукашенко апрель ойининг охирида, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси унга нисбатан суиқасднинг олди олингани ҳақида эълон қилганидан кейин бир неча кун ўтиб маълум қилган эди. Ўшанда Лукашенко ҳокимиятнинг шошилинч тарзда топширилиши — шунчаки эҳтиёт чораси эканини таъкидлаган эди. «Бу мен кимгадир ниманидир топширмоқчи эканимни англатмайди», — деган эди у.
17 апрель куни Лукашенко тез орада ўзининг «чорак асрлик президентлиги давридаги асосий қарорларидан» бирини эълон қилишини маълум қилган эди. У қандай қарор бўлишига аниқлик киритмаган.
Шу куни Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитаси ҳокимиятни эгаллашга уриниш ҳамда Лукашенко ва унинг оила аъзолари ҳаётига суиқасд қилишнинг олди олингани тўғрисида хабар берди. Москвада ФХХ ёрдамида фитна иштирокчиси деб гумон қилинган икки киши — Беларусь сиёсатшуноси Александр Федут ва адвокат Юрий Зенкович ҳибсга олинган. Лукашенконинг айтишича, суиқасд ортида АҚШ махсус хизматлари турган.
АҚШ Лукашенкога нисбатан суиқасдга алоқаси борлигини рад этди.
21 апрель куни Путин Федерал Мажлисга йиллик мурожаати чоғида Ғарб давлатлари Лукашенкога қарши суиқасдни пайқамаганини ва қораламаганини таъкидлади.
Мавзуга доир:
- Лукашенко давлат тўнтаришига уриниш бўйича янги «ҳайратланарли» маълумотлар ҳақида гапирди
- Лукашенко норозиликларни қўллаб-қувватлагани учун 80 нафар собиқ ҳарбийлар ва кучишлатар тизимнинг собиқ ходимларини лавозимлардан маҳрум қилди
- Москвада Путин ва Лукашенко 4 соатлик музокара ўтказди. Улар иқтисодий масалаларни муҳокама қилгани айтилмоқда
Изоҳ (0)