Дубайда ўзбекистонлик икки жиноий гуруҳ ўртасида кескин тўқнашув содир бўлиб, бу пичоқбозлик билан якунлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб бораётганини маълум қилди.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон фуқаролари ўртасида юзага келган ҳолат бўйича аниқлик киритиш мақсадида дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
“БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди”, дейди матбуот котиби.
Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
“Ўзбекистон фуқароларини хорижда юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, деди Аҳрор Бурхонов.
2024 йил 16 февралдан бошлаб Дубай Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз борадиган шаҳарлар қаторига кирганди. Ўзбекистон фуқаролари 30 кундан ошмаган муддатда БАА ҳудудида бўлиши даврида виза талабларидан озод этилди.
Изоҳ (0)