Ўзбекистон мавсум бошидан бери 30 минг тоннадан ортиқ тарвуз экспорт қилди ва рекорд қайд этди. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.
Ўзбекистонда тарвуз ҳосилининг биринчи партиясини ташқи бозорларга жўнатиш жорий йил май ойининг биринчи ўн кунлигида, ўтган йилгидан бир ҳафта эртароқ бошланди. Аммо бу маҳсулотларнинг оммавий экспорти май ойининг ўрталарида бошланган.
Маълумотларга кўра, ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистон 30 минг тоннадан ортиқ янги тарвуз экспорт қилди ва экспорт мавсуми бошидан рекорд ўрнатди.
Дастлабки савдо статистикасига кўра, 2023 йил май ойида Ўзбекистон жами 6,5 миллион долларлик 30,4 минг тонна тарвуз экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 баравар ва 2021 йилнинг май ойига нисбатан 12 баробар кўпдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан ташқи бозорларга тарвуз жўнатишнинг энг фаол даври май ойининг учинчи ўн кунлигидир. Бу даврда бутун ой давомидаги экспортнинг қарийб 95 фоизи амалга оширилади. Шундай экан, жорий йил май ойининг сўнгги ўн кунлигида 29 минг тоннага яқин тарвуз ташқи бозорга жўнатилди — кунига ўртача 2,6 минг тонна.
Таъкидланишича, бу йилги тарвуз экспорт мавсумининг бундай оптимистик бошланиши 2023 йил охиригача Ўзбекистон ушбу маҳсулотнинг ўтган йилги рекордини янгилаши мумкинлигини кўрсатади.
Изоҳ (0)