Европа Иттифоқи Хитойнинг Temu онлайн-платформасини рақамли қонунчиликни бузганликда айблади. Компания истеъмолчиларни ноқонуний ва потенциал хавфли маҳсулотлардан етарлича ҳимоя қилмаётгани таъкидланди.

“Европа Иттифоқидаги истеъмолчилар платформада ноқонуний маҳсулотларга дуч келиш хавфи юқори экани исботланган”, дея Европа комиссиясининг дастлабки хулосасида қайд этилган.
Шунингдек, ҳисоботда платформада хавфсиз бўлмаган товарларнинг мунтазам мавжудлигини аниқлаган махфий харидор билан ўтказилган тажрибага ҳам ишора қилинган.
2023 йилда Европа Иттифоқи бозорига кирган Temu блокнинг 27 мамлакатида ойига ўртача 93,7 миллион фаол фойдаланувчини жалб қилди.
Таъкидланишича, шу билан бирга, Temu’га қарши энг йирик интернет-компаниялар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган асосий меъёрий ҳужжат — Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) доирасида расмий тергов давом этмоқда.
Агар қоидабузарликлар тасдиқланса, Temu глобал йиллик айланмасининг 6 фоизигача жарима тўлаши, шунингдек, қоидабузарликларни бартараф этиш ва бизнес амалиётларини тўғрилаш талабларига дуч келиши мумкин.
Европа Иттифоқи (ЕИ) 20 май куни Temu ва Shein каби онлайн савдо платформаларидан келадиган кичик жўнатмалар учун 2 евро солиқ жорий этиш режасини эълон қилганди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Европа комиссияси Хитойнинг Temu онлайн савдо гигантига нисбатан жарима тартибини очганди. Компания Европа иттифоқининг рақамли хизматлар ҳақидаги қонунини бузганликда гумон қилинганди
Изоҳ (0)