Буюк Британия Ўзбекистонда эмпатияга доир болалар учун ижтимоий таълим дастурларини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчихонасида Британиянинг Think Equal ташкилоти асосчиси ва директори Лесли Удвин билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Лесли Удвин Think Equal ташкилотининг фаолияти ва таълим дастурлари тўғрисида батафсил айтиб берди.
Унинг айтишича, дастурлар болаларда эмпатия ва ҳиссий саводхонлик, ўз-ўзини бошқариш, танқидий фикрлаш ва муаммоларни оқилона ҳал этиш, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва бошқа муҳим қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган.
Ўқув дастурлар 30 ҳафталик бўлиб, ҳар ҳафтада 3 марта 30 дақиқалик дарсларни ўз ичига олади. Дарслар махсус иллюстрацияланган китоблар, қўлланмалар ва ўйинлар орқали ўтказилади.
Музокара якунида Think Equal билан Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича алоҳида учрашув ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Think Equal ташкилоти 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий-эмоционал таълим дастурларини амалга оширади. Дастурлар айни вақтда Ҳиндистон, Кения, Канада, Австралия Жанубий Африка, Мексика, Сингапур, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларнинг мактабгача таълим муассасаларида ҳамда мактабларида ҳамкорлик асосида йўлга қўйилган.
Буюк британиялик 500 дан ортиқ ўқитувчи Ўзбекистондаги мактабларга келади. Буюк Британияда таълим соҳасида фаолият юритувчи ҳамкорлар билан икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилди. Тадбир доирасида, VSO (Volunteyers Servicyes Overseas) ташкилоти билан икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Буюк Британия ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2025—2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган эди. Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган эди. Шунингдек, Буюк Британия консорсиуми Ўзбекистонда транспорт ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириши хабар қилинганди.
Изоҳ (0)