Ўзбекистон терма жамоси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ—2022 саралаш босқичи доирасида Яманга қарши кечган баҳсдан (5:0) сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мухлисларни ва журналистларни табрикламоқчиман. Жуда қийин вазиятда эдик, футболчиларга алоҳида раҳмат. Барча буни тушуниб турганди. Тезкор гол урдик ва ўйинни назорат қилдик. Шундай давом этишини хоҳлаймиз.
Ғалабадан хурсанд эмаслиги ҳақида
Ғалабадан хурсанд бўладиган ёшда эмасман. Бу шунчаки уч очко ва ҳали олдинда узоқ йўл турибди. Ҳали кўп муаммоларимиз борлигини кўриб турибман.
Бугунги натижани алдамчи ёки ундай эмаслиги ҳақида
Натижа ўйинга мос бўлди. Яман бошқа савиядаги жамоа.
Санжар Қодирқулов Олимпия терма жамоасидан миллий термага чақирилгани ҳақида
Санжар «Бунёдкор»да ҳам қўл остимда ўйнайди, унинг имкониятларини биламан. Олимпиячилар билан баҳсда унинг қандай ўйнашини кутдим. Ҳаммаси яхши бўлди.
Шундан сўнг уни миллий термага чақирдим. Агар бугун унинг ўйини чиқмаганида менга қандай танқидлар бўлишини тушуниб турибман.
Лутфулла Тўраевга жавоб бериб юборгани ҳақида
Лутфулла Тўраев бугун майдонда бўлганида ўйинни бузиб қўймасди, аммо унинг ёши сабаб ҳам кучли танқидлар бўлди ва руҳий ҳолатини ўйлаб уни клубга қўйиб юборишга қарор қилдим.
Майдон марказидан ҳужум уюштирилмагани ҳақида
Тўғри майдон марказида қониқарли ҳаракат қила олмадик, чунки майдонга тушган футболчилар бир-бири билан аввал боғликда ўйнамаган эди. Яман кўпчилик бўлиб ҳимояланди ва бундай ҳимояни ёриб ўтиш учун эса қанотлардан фойдаланиш керак. Биз ҳам шундай йўл тутдик.
Виталий Денисов ва терма жамоа ҳақида
Унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Аммо ҳозир у клубида деярли ўйин амалиётига эга эмас. Майдонга тушишни бошлаши билан уни кузатамиз ва балки термага чақирармиз. Қайси футболчида Ўзбекистон паспорти бўлса, у терма жамоага чақирилиши ва ўйнаши мумкин.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!