Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йил АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун йўлланмани қўлга киритди. Темур Кападзе бошчилигидаги жамоа А гуруҳида 21 очко тўплаб, мундиал чиптасига эга чиқди.

Энди кўпчиликда саволлар пайдо бўлиши табиий. ЖЧга чиқдик, бу биз учун қандай ижобий ва салбий томонларга эга? Аслида, мундиал иштирокчиси бўлиш нафақат мамлакат имиджини оширади, балки Ўзбекистон футболи ва бутун мамлакат учун иқтисодий ҳамда ривожланиш имкониятларини кенгайтиради.
2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати тарихдаги энг йирик футбол мусобақаси бўлиши кутилмоқда. Ушбу турнир учун FIFA томонидан ажратилган жами мукофот фонди 896 миллион долларга яқинлашади — бу эса 2022 йилги 440 миллион доллардан икки баравар кўпдир. Турнирда иштирок этадиган жамоалар сонининг 32 тадан 48 тага оширилиши ҳам мукофот пули тизимида ўзгаришлар ва янги имкониятлар яратади. Шунингдек, FIFA 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган мундиалдан сўнг салкам 4 миллиард доллар захирага эга бўлган.
Мукофот пулларининг ошиши
2022 йил иштирокчи жамоаларга FIFA томонидан берилган мукофот пуллари тарихдаги энг юқори миқдор ҳисобланади. 2026 йилда эса ушбу рақамлар камида 30-40% га ошиши тахмин қилинмоқда. Бунда FIFAнинг телевидение ва ҳомийлик шартномаларидан тушган даромадларнинг ўсиши асосий рол ўйнайди.
2022 йилги Жаҳон чемпионатида жамоалар олган мукофот пуллари қуйидагича:
- Ғолиб жамоа — 42 миллион доллар
- Финалчи — 30 миллион доллар
- Учинчи ва тўртинчи ўрин эгалари — 27 миллион ва 25 миллион доллар
- Чорак финалчилар — 17 миллион доллар
- Гуруҳдан чиқмаган жамоалар — 9 миллион доллар

2026 йилда бу рақамлар янада ошиши кутилмоқда. Ҳар тўрт йилда бир марта бўладиган турнирнинг мукофот пуллари йил сайин ошиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, 1982 йилги турнирда жами 20 миллион доллар мукофот пули ажратилган бўлиб, ғолиб Италия жамоаси финалда Ғарбий Германияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, 2,2 миллион доллар олган эди.
Кейинги йилларда мукофот пули аста-секин ошиб борди:
- 1986 йил Мексика — 2,8 миллион,
- 1990 йил Италия — 3,5 миллион,
- 1994 йил АҚШ — 4 миллион,
- 1998 йил Франция — 6 миллион,
- 2002 йил Жанубий Корея ва Япония — 8 миллион доллар.
2006 йил Германияда бўлиб ўтган турнирда эса ғолиб Италия жамоаси 20 миллион доллар олиб, катта сакрашни амалга оширган.

FIFA 2010 йил Жанубий Африкада бўлиб ўтган мусобақага жами 420 миллион доллар пул ажратган бўлиб, чемпионликни қўлга киритган Испания терма жамоаси 30 миллион доллар мукофот пули олган. 2014 йил Бразилиядаги турнирга 576 миллион доллар ажратилган — ғолиб жамоага 35 миллион доллар, 2018 йил Россиядаги Жаҳон чемпионатида эса умумий 791 миллион доллар ажратилиб, ғолиб Франция терма жамоаси 38 миллион доллар мукофот пули олган.
Ўзбекистон терма жамоаси қанча пул ишлаб олиши мумкин?
Ўзбекистон терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашиши ва муваффақият қозониши мамлакат учун катта иқтисодий имкониятларни яратади. Жамоанинг эришган натижаларига қараб, қуйидаги мукофотлар кутиш мумкин:
- Гуруҳ босқичида иштирок этган жамоа: тахминан 9-12 миллион доллар
- Гуруҳ босқичидан чиқиб, 17-32-ўринлар орасида бўлса: 12-15 миллион доллар
- Гуруҳдан чиқиб, 9-16-ўринларни эгалласа: 15-20 миллион доллар
- Чорак финалга чиқса: 20-30 миллион доллар
- Ярим финал ва ундан юқори ўринларда бўлса: 30 миллион доллардан ортиқ мукофот

Тассаввур қилинг, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати финалига қадар етиб бориб, ғолибликни қўлга киритди. У ҳолда қуйидаги суммаларни қўлга киритиш мумкин:
Мисол сифатида Ўзбекистон:
- Гуруҳда қатнашиш: 10 миллион доллар
- Гуруҳдан чиқиш: +15 миллион доллар
- Жами: 25 миллион доллар
- Чорак финалга чиқиш: +20 миллион доллар
- Жами: 45 миллион доллар
- Ярим финалга чиқиш: +30 миллион доллар
- Жами: 75 миллион доллар
- Финалга чиқиш (2-ўрин): +30 миллион доллар
Жами: 105 миллион доллар - Ғолиб бўлиш: +42 миллион доллар
Жами: 147 миллион доллар
Шунингдек, FIFA ҳар бир финалга йўл олган жамоага тайёргарлик харажатларини қоплаш учун миллионлаб доллар ажратади. Бу маблағлар жамоанинг мусобақага тайёрланишида муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари, ҳар бир жамоага 2,5-3 миллион доллар атрофида иштирок ҳақи берилади. Бу сумма 1982 йилги Жаҳон чемпионати ғолибига берилган мукофотдан ҳам кўпдир.

Мукофот пуллари қандай тақсимланади?
Мукофот пуллари FIFA томонидан миллий футбол федерацияларига берилади. Ўзбекистон футбол федерацияси эса бу маблағларни жамоага, ўйинчиларга, мураббийларга ва бошқа зарур эҳтиёжларга йўналтиради. Шу сабабли, футболчиларнинг оладиган мукофотлари федерациянинг ички қарорларига боғлиқ бўлади.
Изоҳ (0)