Ўзбекистонда 2025 йилда 4,5 мингта бино ва 6 минг гектар ер тадбиркорларга таклиф қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича 2024 йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Қайд этилишича, тадбиркорлар 2024 йилда 11,5 триллион сўмлик 3 мингта давлат мулки ва 4 минг гектар ерни сотиб олиб, бизнесини бошлади.
Узоқ йиллардан бери давлат монополиясида бўлган йўлларни таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни жалб қилиш ишлари кенгайтирилади. Бу йил 260 километр йўлларни сақлаш ишлари тадбиркорларга берилди. Келаси йили бу 3 минг километрга етказилади.
“Ташаббусли бюджет” доирасида йўлларни таъмирлаш ишларининг 92 фоизи хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилди. Бу 100 фоизга етказилади. Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган 841 километр йўллар тўлиқ маҳаллий пудратчилар томонидан амалга оширилади.
Президент минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди.
Шунингдек, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобил алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади. Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига икки карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади.
Бундан ташқари, IT-парк резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади. Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади.
Изоҳ (0)