“Еттилик гуруҳи” (G7) давлатлари Россия нефтига нархлар чекловларини кучайтириш вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, кўриб чиқилаётган чора-тадбирлар қаторида амалдаги нарх чегарасини бир баррел учун 60 доллардан 40 долларгача пасайтириш ёки Россия нефтини ташиш ҳамда суғурталашни тўлиқ тақиқлаш ҳам бор. Бироқ манбаларнинг таъкидлашича, муҳокамалар давом этмоқда ва якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Агентлик манбаларининг маълум қилишича, мамлакатлар ушбу мавзуни муҳокама қилишда мумкин бўлган иқтисодий таъсирларни, шунингдек, денгиз хавфсизлиги масалаларини кўриб чиқишга тайёр.
Аввалроқ АҚШ молия вазири Жанет Еллен Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Россия нефти нархини пасайтириш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганди.
15 декабрь куни Керч бўғозида мазут юкланган Россиянинг иккита танкерлари шикастланган эди. Улардан бири чўкиб кетган, иккинчиси Таман порти яқинидаги қирғоқдан 18 м наридаги саёз жойга тўхтаган.
Танкерлар жами 9,2 минг тонна мазут ташиган. Ҳодиса оқибатида нефть маҳсулотлари тўкилиши содир бўлди, Анапа ва Краснодар ўлкасининг бир қатор аҳоли пунктларида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.
Мутахассислар Мазутнинг сизиб чиқиши Қора денгиз учун энг катта экологик фалокатга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Дастлабки маълумотларга кўра, денгизга 4,2 минг куб метрдан ортиқ нефть маҳсулотлари тўкилган бўлиши мумкин.
17 декабрга ўтар кечаси Керч бўғозида Россиянинг яна бир “Волгонефть” танкери фалокат сигналини юборгани хабар қилинган.
Изоҳ (0)