Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Невский туманида сумка ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди. Бу ҳақда 78.ru хабар берди.
Маълум қилинишича, жасад Ольга Бергголц кўчасидаги 19-уйнинг ертўласидаги сумкадан зўравонлик аломатлари билан топилган. Ўлдирилган шахс 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган. У ноябрь ойи бошида Санкт-Петербургга 24 ёшли танишиникига пул топиш мақсадида келган.
Таъкидланишича, 9 декабрь куни кечқурун Седов кўчасидаги 70-уйда жойлашган квартирада яшаётган йигит жанжал пайтида аёлни бўғиб ўлдирган. Шундан кейин унинг жасадини катта сумкага солган. Сўнгра Ольга Бергголц кўчасидаги 19-уйнинг подвалида тупроқ билан кўмиб, воқеа жойидан қочган.
Тергов маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароси 10 декабрь куни Россиядан чиқиб кетган ва ватанига қайтгач, аёлни ўлдиргани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Шунингдек, у жасадни қаерга яширганини ҳам айтган. Терговчилар экспертиза ўтказмоқда.
Изоҳ (0)