Таиланд қуролли кучлари Камбоджа билан чегарадаги баҳсли ҳудуд ҳисобланган Пху Ма Куа чўққиси устидан тўлиқ назорат ўрнатди. Бу ҳақда Таиланднинг The Nation нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Таиланд бўлинмалари Камбоджа мудофаа чизиғидан 300 метр ичкарига кириб, Та Тахав қишлоғига яқинлашган.
Таиланд Қироллик армияси (RТАТrend)нинг хабар беришича, Камбоджа қўшинларининг ҳудудни қайтариб олишга сўнгги уриниши ярим тунда содир бўлган, бироқ бу ҳаракат бартараф этилган. Ҳужумлар давом этишига қарамай, Таиланд кучлари ўз мавқеларини сақлаб қолишга эришган.
Эрталабга келиб армия Пху Ма Куа чўққисидаги вазият тўлиқ барқарорлашганини маълум қилди. Таиланд аскарлари миллий байроқни ўрнатишган.
“Биз ҳеч кимнинг ҳудудимизга дахл қилишига йўл қўймаймиз”, дея таъкидланган баёнотда.
24 июль куни Таиланд ва Камбоджа ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Таиланд расмийларининг таъкидлашича, Камбоджанинг 6 нафар қуролланган аскари мамлакат чегарасига яқинлашган. Орадан кўп ўтмай, ҳавода дронлар ҳам пайдо бўлган. Таиландликлар вазиятни юмшатиш учун уларга огоҳлантириш бергани, бироқ Камбоджа томони бунга ўт очиш билан жавоб қайтарганини даъво қилди.
Ушбу тўқнашувлардан олдинроқ Таиланд элчихонаси эҳтимолий можаро сабаб ўз фуқароларини Камбоджани тарк этишга чақирган эди. Бундан ташқари, мамлакатнинг Камбоджадаги элчиси ҳам 23 июль куни ортга чақириб олинганди.
Изоҳ (0)