Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эрига зўравонлик қилган аёл 4 йилга қамалди. Олий суд бу ҳақда “Дарё”га маълум қилди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, судланувчи Х.Ҳ. турмуш ўртоғи Х.А. билан доимий равишда ўзаро оилавий келишмовчиликлар сабабли жанжаллашиб келган. 2025 йил 11 январь куни соат 12:00 ларда уйига нарсаларини олиш мақсадида борган вақтида яна ўзаро жанжал келиб чиқиб, жанжал вақтида турмуш ўртоғи Х.А.ни (тергов жараёнида аниқлашни имкони бўлмаган) тош билан чап кўз соҳасига қасддан урган.
Аёл унга умумий меҳнат қобилиятини 35 фоиз йўқолишига сабабчи бўлиб, қасддан “оғир тан жароҳати” етказиб, оилавий зўравонлик қилган. Аёл судда эри уни спиртли ичимлик ичиб келиб уришини, ҳеч қаерда ишламаслигини, оилани ташвишлари фақат ўзига қолиб кетганини, шу сабабли иккаласи жанжаллашиб қолишганини билдирган.
Айбланувчи аёл Жиноят кодексининг 126-моддаси (оилавий маиший зўравонлик) 7-қисмининг “ж” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 4 йилга қамалди.
2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан Жиноят кодекси 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) билан тўлдирилди.
Изоҳ (0)