1 август куни Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳудудидан ўтган 4R-112 автомобиль йўлининг 104—105- км лар оралиғида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1963 йилда туғилган Т.А. Nexia-2 автомобилини Балиқчи тумани марказидан бошқариб келиб (туман суд биноси олди, тартибга солинган чорраҳа), асосий йўлдан ҳаракатланаётган “ЗИЛ-130” юк автомашинасини ўтказиб юбормасдан, чап тарафга ўтиш учун кескин бурилган.
Оқибатда “ЗИЛ-130” ҳайдовчиси тормоз босишга улгурмаган ва Nexia-2 билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида Nexia-2 ҳайдовчиси туман шифохонасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай олган тан жароҳати туфайли вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ Тергов бўлими ходимлари томонидан терговга қадар дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)