“Ўзгидромет” кузнинг биринчи ойи давомида қандай об-ҳаво кузатилиши бўйича маълумот берди.
Сентябрь – кузининг биринчи ойи, аммо Ўзбекистонда об-ҳаво шароитига кўра, фақат қулайроқ ҳарорат фонида, у кўпинча ёзга ўхшайди. Кўп йиллик кузатув маълумотларига асосан республика ҳудудининг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат 30-33 даражани, ойнинг иккинчи ярмида 26-29 даражани ташкил этади.
Сентябрь ойининг энг иссиқ кунларида термометр кўрсаткичи 35-37 даражагача, жанубда 39-41 даражагача кўтарилади. Сентябрь ойида ҳаво ҳарорати марказий ҳудудлар бўйича баъзи жойларда 40-41 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларнинг айрим жойларида ҳатто 42-43 даражагача кўтарилган даврлар ҳам кузатилган.
Тошкентда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун сентябрь ойидаги энг юқори ҳарорат 2013 йил 25-сентябрьда қайд этилиб, 40,0 даражани ташкил этган. Кундуз кунги ҳарорат 22-25 даражагача, баъзан эса ундан ҳам пастроқ бўлган даврлар ҳар йили сентябрь ойида қайд этилади ва одатда даврийлиги жуда қисқа бўлади.
Айрим йилларда республика бўйича барча жойларда (энг чекка жанубий ҳудудлар ва Фарғона водийсидан ташқари) сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида эртанги кузги совуқлар кузатилди. Кузутувларнинг барча тарихий қаторлари учун энг иссиқ сентябрь ойлари (меъёрдан 1.5-3 даражага юқори) 2005, 2013, 2016, 2021, 2022 йиларда кузатилди, бу глобал исиш тенденциясига мос келади.
Энг совуқ (меъёрдан 2-3,5 даражага паст) сентябрь ойлари 1930 ва 1931 йилларда, сўнгги йилларда эса 1992 ва 1994 йилларда кузатилди.
Иқлим хусусиятларига кўра, Ўзбекистонда сентябрь ойи йилнинг энг қурғоқчил ойларидан бири деб ҳисобланади. Ойлик ёғингарчилик миқдори июль ва август ойларига нисбатан бир оз кўпроқ бўлиб, текистлик ҳудудларда 1-5 мм ни, тоғларга яқин ҳудудларда 6-10 мм ни ташкил этади ва фақат баланд тоғли ҳудудларда 15-30 мм қийматларга етади.
Ёмғир одатда камдан-кам ёғади, ой учун ўртача 1-4 марта ва кўп ҳолларда жадаллиги паст бўлади. Шундай йиллар кузатилганки, сентябрь ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича умуман ёмғир ёғмаган. Сўнгги марта бундай аномал қуруқ сентябрь ойлари 2007 ва 2021 йилларда кузатилган эди.
Бу йил сентябрь ойи қандай бўлади?
Ойнинг биринчи ўн кунлигида қулай ҳарорат фонида қуруқ об-ҳаво ҳукм суриши кутилмоқда.
Кечаси ва эрта тонгда 12-17 даража ҳароратда тетиклантирувчи салқинлик сезилади, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони 28-33 даражагача, баъзи жойларда 35 даражагача иситади. Ўн кунликнинг иккинчи ярмида 24-27 даражагача қисқа муддатга пасайиши мумкин.
Кейинчалик, сентябрь ойининг охиригача пастроқ фонда ҳарорат кечалари 13-18 даражадан 7-12 даражагача, кундуз кунлари 28-33 даражадан 20-25 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Изоҳ (0)