Москванинг “ЦСКА” клуби собиқ футболчиси ва дарвозабонлар мураббийи Владимир Чанов жамоа ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг эҳтимолий трансфери юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда Championat нашри хабар бермоқда.

Файзуллаев кетаётганидан афсусдаман. Бу йигит жуда иқтидорли — у буни барчага дарҳол исботлади. Клубга келиши билан дарров ўз ўйинини кўрсатди ва мухлислар меҳрини қозонди, — дея таъкидлади Чанов.
Аввалроқ, Истанбулнинг “Башакшеҳир” клуби 21 ёшли ўзбекистонлик футболчига жиддий қизиқиш билдираётгани хабар қилинган эди. Ҳозирча музокаралар якунига етмаган, бироқ футболчининг “ЦСКА”дан кетиши мумкинлиги тобора ойдинлашмоқда.
Аббосбек Файзуллаев Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023 йил ёзида “ЦСКА” клубига кўчиб ўтганди. Шу пайтгача Россия Премьер Лигаси доирасидаги 72 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8 та гол ва 22 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 8 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)