Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яшовчи эркакнинг собиқ хотинидан яширган қизи Термиз шаҳридаги кўп қаватли уйлардан топилди. Бу ҳақда “Дарё”га МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов хабар берди.
Вилоятнинг Шеробод туманида яхши орзу-умидлар билан қурилган оила ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларига дош беролмай, ёш келин-куёвнинг тақдир йўллари айро тушди. Келин бўлиб келган Наргиза Қодирова турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари билан бўлган келишмовчиликлар сабаб ота уйига чиқиб кетишга мажбур бўлди. Оилада дунёга келган қизалоқни ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Бироқ бола онасидан узоқлаштирилиб, унга ҳаттоки дийдорини ҳам кўрсатишмади. Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судида болани онасига олиб бериш тўғрисидаги даъво ариза тарафлар ва холислар иштирокида кўриб чиқилиб, вояга етмаган 2015 йилда туғилган қизалоқ она меҳри ва тарбиясига муҳтожлиги учун она тарбиясига қайтариш зарурлиги белгиланди, дейди Қобилжон Турсунов.
МИБ масъулининг билдиришича, мазкур суднинг ижро ҳужжати бюронинг Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Аммо бола қарздор ота уйидан бошқа манзилда яшириб келинганлиги сабабли, давлат ижрочисининг қарори билан вояга етмаган болага нисбатан қидирув эълон қилинди. Орадан 3 ой ўтиб, вояга етмаган қизалоқ Термиз шаҳри “Наврўз” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридан топилди. Қарздор ота уй эшикларини очишни истамаганидан сўнг, хонадон эшиги холислар иштирокида мажбурий тартибда очилди. Бола эса уйнинг кийим жавонидан топилди. Бола соғ-саломат она тарбиясига топширилди, дейди у.
Изоҳ (0)