Сирдарё вилоятининг Ховос тумани собиқ ҳокими Учқун Камолов 2023 йил 18 сентябрь куни қамоққа олинди. Бу ҳақда Kun.uz суд ҳужжатларига таяниб хабар бермоқда.

Суд ҳукмида келтирилишича, Учқун Камолов Ховос тумани ҳокими лавозимида ишлаган даврида давлат ва жамият манфаатларига катта миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган. Собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида туман ҳокимлиги қошидаги Ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия раиси ҳисобланган.
У ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Б.Бердиёров ҳамда тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи М.Комилов билан тил бириктириб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қонунчиликка зид равишда тадбиркорлик субъектлари эгалигига бериб юборган.
Учқун Камолов ерларни ноқонуний бериш бўйича 4 та ҳолатда 144 гектар суғориладиган экин майдонини балиқчилик, қум-шағал қазиб олиш, боғдорчилик йўналишлари бўйича фойдаланишга бериб юборган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 8 млрд 856 млн сўм зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Учқун Камолов ўз хизмат вазифаларини қасддан бажармагани ортидан 3 та ҳолатда айрим тадбиркорлик субъектларига ажратилган экин майдонларининг унумдор қатлами кавлаб олиниши оқибатида давлат манфаатларига 6 млрд 352 млн сўм зарар етказилишига ҳам сабабчи бўлган.
Б.Бердиёров ва М.Комилов ЖИБ Оқолтин туман судининг 2022 йил 15 ноябрдаги ҳукми билан судланган.
Учқун Камолов ЖИБ Сардоба туман судининг 2024 йил 25 мартдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди (фирибгарлик мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса), 205-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) ҳамда 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) келтирилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 181 млн 500 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Собиқ ҳоким қамоқда сақланган 6 ой 7 кун жазодан чегирилиб, жарима 150 млн 645 минг сўмга туширилган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2025 йил 9 январдаги ҳукми билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинган. Янги ҳукм билан Учқун Камоловга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 99 млн сўм жарима ҳамда 3 йил 5 ой 23 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 30 майдаги ажрими билан кассация инстанциясининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Изоҳ (0)