Саудия Арабистони бу йил ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлишини ҳисобга олган ҳолда Маккада қўшимча чоралар кўраётганини маълум қилди. Бу ҳақда Euro News хабар берди.

2024 йили ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилиб, 1 300 дан ортиқ киши Маккада ҳалок бўлган эди. Мамлакат расмийлари ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрмоқда.
Бу йил Ар-Риёд оломонни назорат қилиш ва совитиш тизимлари учун миллиардлаб доллар сарфлаган. Масжидул Ҳаромда ўрнатилган дунёдаги энг йирик совитиш тизими зиёратчиларга 22-24 даража ҳароратда амалларни бажариш имкониятини беради.
Шунингдек, зиёратчиларга зарурат бўлмаганда кундузи ташқарига чиқмаслик ва бошни асраш тавсия этилган. Зиёратчиларга нима олиб келиш ва қандай кийиниш бўйича хавфсизлик тўплами тақдим этилади. Унда қуёш уриши ва сувсизлик ҳолатларида қандай йўл тутиш кераклиги ҳам тушунтирилган бўлади. Бу йилги ҳажга 12 ёшгача бўлган болаларнинг иштирок этишига тақиқ жорий қилинган.
Маълумот ўрнида, Саудия Арабистонига 2025 йилги ҳаж мавсуми учун хориждан бир миллиондан ортиқ зиёратчи келган. Ҳажга келганларнинг 53 фоизи эркаклар, 47 фоизи эса аёллардир. Зиёратчиларнинг 94 фоизи ҳаво йўли билан, 4,83 фоизи қуруқликдаги чегара пунктлари орқали, тахминан, 0,5 фоизи эса денгиз орқали етиб келган.
Изоҳ (0)