Исроил билан урушда ҳалок бўлган фаластинлик шаҳидлар ва сиёсий маҳбусларнинг юзлаб қариндошлари ҳаж зиёратини адо этиш учун олиб келинди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Бу зиёрат Саудия Арабистонининг “Икки муқаддас масжид ходими меҳмонлар дастури” доирасида амалга оширилмоқда. Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги 2 июнь куни Ғазодан 500 нафар зиёратчини қабул қилди. Шу билан Фаластиндан ҳажга борувчи ва келувчилар сони 1000 нафарга етказилди.
Зиёратчилар “Қирол Абдулазиз” номидаги халқаро аэропортга етиб келган ва кейинчалик Макка шаҳридаги махсус турар жойида кутиб олинган. Меҳмонлар Саудия Арабистони ва унинг раҳбариятига миннатдорчилик билдирган.
“Икки муқаддас масжид ходими меҳмонлар дастури” 1996 йилда ташкил этилганидан бери минглаб ҳаж ва умра зиёратчиларини қабул қилган. Дастур доирасида 2025 йилда 100 та давлатдан 2443 нафар инсон ҳаж зиёратини амалга ошириши кутилмоқда.
Саудия Арабистонига 2025 йилги ҳаж мавсуми учун хориждан бир миллиондан ортиқ зиёратчи келган. Ҳажга келганларнинг 53 фоизи эркаклар, 47 фоизи эса аёллардир. Зиёратчиларнинг 94 фоизи ҳаво йўли билан, 4,83 фоизи қуруқликдаги чегара пунктлари орқали, тахминан, 0,5 фоизи эса денгиз орқали етиб келган.
Изоҳ (0)