Голливуд юлдузлари фақат актёрлик маҳорати ёки гўзаллиги билан эмас, балки насл-насаби жиҳатидан ҳам ажралиб туради. Баъзиларининг илдизи ҳатто қироллик сулолаларига, зодагон аждодларга бориб тақалади. Ушбу мақолада биз асл келиб чиқиши қиролларга, князларга ёки баронларга бориб тақаладиган машҳур актёр ва актрисаларга назар ташлаймиз.
Рейф Файнс

2019 йилда Чарльз ҳали Уэлс шаҳзодаси бўлган пайтда, у “Ўлиш вақти эмас” номли сўнгги Жеймс Бонд фильми суратга олинаётган жойга борди. У ерда М ролини ижро этаётган актёр Рейф Файнс билан учрашди. Файнс Чарльзни “самимий” ва “келишган” инсон деб атаб, унинг ташрифи суратга олиш жараёнига ўзгача муҳит бахш этганини айтди.
Рейф Файнс Буюк Британия қиролининг саккизинчи авлоди ҳисобланган узоқ қариндошидир. Уларнинг иккаласи ҳам Шотландия қироли Яков II нинг авлодларидан ҳисобланади. Файнс фамилиясининг келиб чиқиши эса норманларга бориб тақалади ва қадимий баронлик унвони билан боғлиқ.
Тилда Суинтон

Тилда Суинтон — “Оскар” мукофоти совриндори ва қадимий Шотландия Суинтон кланининг вакили ҳисобланади. Унинг насл тарихи узоқ ўтган замонларга бориб тақалади. Бундан ташқари, Тилда Роберт I нинг XIV асрда Шотландияни инглиз босқинчиларидан озод қилган Брюслар сулоласи қиролининг авлодидир.
Мактабда Тилда Суинтоннинг синфдоши малика Диана бўлган. Бир пайтлар Тилданинг ота-онаси уни герцогга турмушга беришни хоҳлаган, аммо қиз ўзининг шарафли насабига қарамай, актёрлик йўлини танлаган.
Кит Харингтон

“Тахтлар ўйини” сериалида темир тахтнинг вориси бўлишдан олдин, Кит Харрингтон ҳақиқий ҳаётда ҳам юқори табақадан эди. Унинг тўлиқ исми Кристофер Кейцби Харрингтон бўлиб, насаби Британия тарихидаги икки машҳур оилага бориб тақалади. У отаси томондан Шотландия қирол Карл II Стюартнинг авлодидир. Қизиқ томони, актёрнинг хотини Рўз Лесли — сериалда Жон Сноунинг севгилиси Игритт ролини ўйнаган. У ҳам Карл II нинг авлодларидан.
Кейцби фамилияси ҳам бежиз эмас. 1605 йилда машҳур Порох фитнасини уюштирган Роберт Кейцби, Кит Харрингтоннинг онаси томонидан қариндоши бўлади. Қизиқ жиҳати, 2017 йилда Кит айнан ўша қариндошининг ролини “Порох” мини-сериалида ижро этган.
Анжелина Жоли

Голливуд юлдузининг асл келиб чиқиши Франция тарихининг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Унинг онаси томондан насаби Франция қироли Филип II Августга бориб тақалади. У 1180 йилдан 1223 йилгача ҳукмронлик қилган. Натижада Анжелина Жоли қиролича Елизавета II нинг 26-авлод қариндоши ҳисобланади.
Шарафли келиб чиқиш Анжелина Жолинининг собиқ турмуши ўртоғи Бред Питтда ҳам кузатилади. Актёр XII асрда яшаган Генрих II Плантеженетнинг авлодидир. Жоли ва Питтнинг иттифоқи нафақат юлдузлар бирлиги, балки ҳақиқий “қироллик” сулоласи ҳисобланади.
Роберт Паттинсон

Роберт Паттинсон экран олдида зодагон қаҳрамонлар образларига осон киради — сирли вампир Эдвард Куллен ёки янги Бетмен каби ролларда ўзини бемалол кўрсата олади. Бу унинг туғма жозибаси сабаб бўлиши мумкин. Ёки эҳтимол, бу насл-насаб билан боғлиқдир. Тадқиқотларга кўра, у шаҳзодалар Уилям ва Гарри билан узоқ қариндош.
Бироқ ундан ҳам қизиқроғи — Паттинсоннинг шажарасида яна бир машҳур шахс бор. Британия қироллик оиласи орқали у Влад III Цепес — тарихда Влад Дракула номи билан танилган руминиялик князнинг авлодидир. Айнан шу шахс асосида ёзувчи Брем Стокер машҳур “Дракула” образини яратган. Ажабланарлиси шундаки, айнан вампир роли — яъни “Оқшом” фильмидаги Эдвард Куллен Паттинсонни бутун дунёга машҳур қилган.
Хилари Дафф

Голливуднинг “қироллик” юлдузи унвонига Хилари Дафф муносиб деб топилган. “Золушка ҳикоялари” фильми ва “Лиззи Магуайр” сериали орқали танилган америкалик актриса ва қўшиқчи Виндзор сулоласи билан қариндош ҳисобланади. Хилари Даффнинг насаби Англия қироли Эдвард III га бориб тақалади. Қиролнинг чевараси Александр Спотсвуд Британия армияси зобити бўлган ва Виржинияга кўчиб кетган. У АҚШдаги илк мустамлака губернаторларидан бири бўлган.
Шунингдек, Дафф Тилда Суинтон сингари бошқа машҳур тарихий шахслар билан ҳам қариндошликка эга.
Изоҳ (0)