Бугун, 26 июлда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори кўтарилди.
26 июль соат 14:00 ҳолатига Термиз шаҳрида 42,7 даража, Қарши шаҳрида 40,3 даража иссиқ ҳарорат кузатилмоқда.
“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, қатор ҳудудларда ҳаво ҳарорати 38 даражадан ошган. Хусусан, шаҳарлардан Наманганда 39,1 даража, Фарғонада 38,8 даража, Тошкентда 38,9 даража, Самарқандда 38,7 даража, Навоийда 38,2 даража иссиқ бўлмоқда.
Энг паст ҳарорат эса Нукус (30,8 даража) ва Урганч (31,7 даража) шаҳарларида кузатилмоқда.
“Ўзгидромет” прогнозларига қараганда, 29 июлгача Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво жуда иссиқ бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари) ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40–43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 44–45 даражагача кўтарилади.
Аввалроқ Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти республикада июль ва август ойи бошларида аномал иссиқ ҳаво кузатилишини прогноз қилганди. Институт олимлари таҳлилида бундай ғайритабиий ҳарорат таъсирида минтақада термик депрессия (термал тушкунлик) вужудга келиши ҳам қайд этилган.
“Термик депрессия ёзги синоптик жараён бўлиб, Марказий Осиёнинг жануби-шарқида паст босимли ҳудуднинг пайдо бўлиши, қуруқ жазирама иссиқ об-ҳаво билан тавсифланади. Бу даврда Марказий Осиё текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача, баъзи ҳолларда 48 даражагача иссиқ бўлиши мумкин. Термик депрессиянинг давомийлиги 2–3 суткадан 5–7 суткагача, баъзи йилларда эса 1,5–2 ҳафтагача давом этиши кутилади”, дейилган 5 июнь кунги институт таҳлилида.
Олимлар фикрича, сўнгги пайтларда термик депрессия кузатилган даврда минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда энергетик тизимда кучли зўриқишлар кузатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига жазирама иссиқдан сақланиш қоидаларини эслатди. Вазирлик соат 10:00 дан 17:00 гача салқин жойларда бўлишни, пахта матоли либослар кийишни, кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичишни тавсия қилган. Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлаши таъкидланган.
Изоҳ (0)