Афғонистонда паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда Khaama Press маҳаллий ахборот агентлиги хабар берди.

Паспорт бошқармаси янги қоидаларни жорий этмоқда. Унга кўра, судланганлар, васийси йўқ болалар, тўланмаган қарз ёки бошқа мажбуриятларга эга шахсларнинг чет элга чиқиши ва паспорт олиши тақиқланади.
Биометрик тизимлар ва маълумотлар базаларида чет элга чиқиши тақиқланган деб белгиланган шахсларга паспорт бериш автоматик равишда рад этилади, дейилади хабарда.
Илгари барча фуқаролар паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлган, чекловлар эса фақат айрим жиноий ишлардагина қўлланилган. Афғонистонда миллий шахсни тасдиқловчи ҳужжат “тазкира” ҳисобланади ва аҳолининг аксарияти ундан фойдаланади. Паспорт эса чет элга чиқиш учун талаб қилинади.
Афғонистон 2025 йилги дунёнинг кучли паспортлари рейтингида энг охирги ўринни (98-ўринни) эгаллаган. Мамлакат фуқаролари 25 та мамлакатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.
Таққослаш учун, рейтингда Марказий Осиё давлатларининг ўрни қуйидагича:
- Қозоғистон — 63-ўрин (79 та йўналишга визасиз режим);
- Қирғизистон — 73-ўрин (63 та йўналишга визасиз режим);
- Ўзбекистон — 74-ўрин (62 та йўналишга визасиз режим);
- Тожикистон — 80-ўрин (56 та йўналишга визасиз режим);
- Туркманистон — 85-ўрин (49 та йўналишга визасиз режим).
Изоҳ (0)