Колумбияда жангарилар полиция вертолётини уриб тушириши оқибатида 12 нафар ходим ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция бошлиғи Карлос Трианага таяниб, Associated Press хабар берди.

Маълум қилинишича, вертолёт “Марказий қўмондонлик” қуролли гуруҳи аъзолари томонидан 21 август куни уриб туширилган. Ҳодиса Антиохия департаментининг Амалфи туманида содир бўлган. Жангарилар вертолётни уриб туширишда дронлардан фойдаланган. Полиция ходимлари мусодара қилинган 1,5 тонна кокаинни йўқ қилиш операциясига кетаётган эди.
“Колумбия учун мотам куни. Терроризм 12 нафар жасур полициячининг ҳаётини олиб кетди ва яна тўрт нафарини яралади”, деди полиция бошлиғи Карлос Триана.
Дастлаб қурбонлар сони 8 кишини ташкил этган, ярадорлар сони ҳам шунча бўлган. Кейинчалик ҳалок бўлганлар сони ортган.
21 август куни Колумбиянинг Кали шаҳрида ҳарбий аэропорт яқинида террорчилик акти юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, юк машинасининг портлаши туфайли 6 киши ҳалок бўлган, 65 киши жароҳат олган. Мамлакат президенти Густаво Петронинг айтишича, ушбу терактни уюштирганликда “Марказий қўмондонлик” ҳам гумонланмоқда.
Колумбияда сўнгги ойларда хавфсизлик кучлари билан қуролли гуруҳлар, собиқ исёнчилар ёки наркокартеллар ўртасидаги тўқнашувлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Айниқса, дрон орқали уюштирилаётган ҳужумлар сони ошиб бормоқда, хусусан, 2024 йилда шунга ўхшаш 115 та ҳужум қайд этилганди.
Изоҳ (0)