Тошкент вилояти Келес туманида 3 кунлик келинчак ўз жонига қасд қилиб вафот этди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

2025 йил 3 апрель куни қиз Тошкент вилоятининг Келес шаҳрига турмушга узатилган. Онасининг сўзларига кўра, қиз бахтли эди ва турмуш қуришга ўзи рози бўлган. Бироқ тўйдан уч кун ўтиб, 6 апрель куни қизининг жасади оила аъзоларига топширилган. У ўзини осган ҳолда топилган.
Марҳуманинг онаси ёлғиз қизи ўз жонига қасд қиладиган ҳолатда бўлмаганини, ҳаётдан хурсанд юрганини айтиб, у бўғиб ўлдирилганини тахмин қилмоқда. Қайнона эса ўлим вақтида уйда ҳеч ким бўлмаганини билдириб, келин ўз жонига қасд қилганини даъво қилган.
“Қизим ўзини ўлдирмаган уни бўғиб қийнаб ўлдиришган. Айбдорларга жазо берилмас экан керак бўлса қизимни қабрини очириб қайта текширтираман...” дейди қизнинг онаси.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, марҳуманинг вафоти юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатларида бирор-бир шахснинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
2024 йилнинг март ойида Самарқандда 22 ёшли келин ўзини 7-қаватдан ташлаб вафот этганди. Ўша йилнинг февралида Андижон вилояти Олтинкўл туманида 21 ёшли келин ўз жонига қасд қилгани юзасидан унинг эри айбдор деб топилиб, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан 9 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Изоҳ (0)