Тошкент шаҳар ИИББ талабалар ва уларнинг ота-оналарига уларни “ижарачи” фирибгарлардан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, ўқув йили бошланиш арафасида республиканинг турли ҳудудларидан Тошкент шаҳрига келаётган талабалар ва уларнинг яқинларини фирибгарлар томонидан алдаш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳолатлар асосан интернетга жойлаштирилган арзон ижара уйлар эълонлари орқали амалга оширилмоқда.
Фирибгарлар ўзларига тегишли бўлмаган хонадонларнинг суратларини интернетга жойлаштириб, арзон нархда ижарага бериш таклифини билдиради. Талабалар ва уларнинг ота-оналари шундай нархларни кўриб, уйни олиш мақсадида алоқага чиқади. Фирибгарлар эса уйни сақлаб қўйиш ёки 2 ойлик тўлов керак, деб олдиндан пул талаб қилади. Бироқ тўлов амалга оширилганидан сўнг улар алоқани узиб, ижтимоий тармоқларда блоклайди. Оқибатда уй ҳам тўланган пул ҳам қолмайди.
“Ҳеч қачон уйни кўрмасдан туриб, олдиндан тўловни амалга оширманг. Ҳар қандай ижара шартномасини фақат уйни шахсан кўриб, эгаси билан шахсан учрашгач тузинг. Шахсий маълумотларни ишонч ҳосил қилмагунча бегона шахсларга юборманг”, дея тавсия бериб огоҳликка чақирди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Талабалар турар жойи учун ариза юбориш 1 августдан бошланди.
Аризаларини my.gov.uz портали орқали юбориш мумкин. Дастлаб имтиёз ва устуворликларга эга талабгорлар талабалар турар жойларига қабул қилинади. Шундан сўнг, умумий рўйхатдаги талабалар учун ётоқхонада ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида қуйидагича тақсимланади:
- 1-курс талабалари учун 55 — 65 фоиз;
- 2-курс талабалари учун 15 — 20 фоиз;
- 3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20 — 25 фоизгача ажратилади.
Аризалар қабули ўқув йили якунигача давом этади.
Изоҳ (0)