Дания бош вазири Метте Фредериксен Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни танқид қилиб, у “муаммога айлангани”ни таъкидлади. Сиёсатчига кўра, Исроил ҳукумати Ғазо урушида ҳаддан ошмоқда.

Фредериксен унинг мамлакати Исроилга Европа Иттифоқи доирасида босим ўтказишни хоҳлашини, бироқ ҳозирча барча аъзо давлатлар ҳам буни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади.
“Биз сиёсий босим, санкциялар, исроиллик кўчманчилар, вазирлар ёки ҳатто Исроилнинг ўзи устидан ҳам чоралар вариантини кўриб чиқяпмиз. Савдо ва илмий тадқиқот соҳаларида ҳам чекловлар бўлиши мумкин. Ҳеч нарсани истисно қилмаймиз”, деди Фредериксен.
Ғазодаги вазият
Фредериксен Ғазодаги “даҳшатли ва фожиали” гуманитар инқироз ҳамда босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги янги посёлкалар учун Исроилни кескин танқид қилди.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, Исроил ҳужумлари натижасида ҳозирга қадар 61 430 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг асосий қисми аёллар ва болалардир. Бироқ қурбонларнинг асл сони бундан анча юқори бўлиши мумкин. Боиси бедарак кетганлар ва вайроналар остида қолганлар бу ҳисобга киритилмаган.
Изоҳ (0)