Қозоғистон ҳукумати Каспий денгизи муаммоларини ўрганиш учун 305 миллион тенге (560 минг доллардан ортиқ) маблағ ажратди.

Маблағни “Қозоғистон Каспий денгизи илмий-тадқиқот институти” нодавлат акциядорлик жамияти олади.
Маълумотларга кўра, ажратилган маблағлар институтни янада ривожлантиришга йўналтирилади ҳамда гидробиология ва гидрокимё, гидрометеорология, сунъий йўлдош мониторинги лабораторияларида тадқиқот ишларини ўз вақтида ва самарали олиб бориш ҳамда илмий-тадқиқот институти олдига қўйилган бошқа вазифаларни ҳал этиш имконини беради.
Институт фаолиятига балиқ ресурслари захираларини баҳолаш, уларни сақлаш усуллари ва технологияларини ишлаб чиқиш, ихтиофаунани ўрганиш, тюленларнинг оммавий нобуд бўлиш сабабларини аниқлаш ва уларнинг популяциясини сақлаб қолиш масалалари киради. Бундан ташқари, у денгизнинг гидрологик жараёнларини ўрганиш ва унинг сатҳини кузатиш, иқлим ўзгаришлари, шунингдек, уларнинг экотизимга таъсирини таҳлил қилиш, сув сифати, биологик хилма-хиллик ва Каспий денгизи акваторияси ҳамда қирғоғининг Қозоғистон қисмидаги бошқа параметрлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.
Эколог-жамоатчиларнинг маълумотларига кўра, Каспий денгизи сатҳи ҳар йили 70 сантиметрга пасаймоқда. Қозоғистоннинг айрим вилоятларида эса қирғоқ чизиғи аллақачон 18 километргача орқага чекинган.
Май ойида россиялик олимлар Каспий денгизининг шимолий қисмида сув сатҳининг пасайиши натижасида янги орол пайдо бўлганини тасдиқлашганди.
Изоҳ (0)