Бугун аксар давлат идоралари ходимлари учун натижа эмас, очко олиш муҳим бўлиб қолган. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Ўзбекистон” телеканалига берган интервьюсида фикр билдирди.
Вазирнинг айтишича, бугунги кунда моддий манфаат ҳаётда ҳал қилувчи куч бўлиб қолган. Шу сабаб айримлар очко учун ишлайди, натижа учун эмас. Аслида натижадан роҳат олиш муҳим.
“Мен кўпроқ давлат идора ходимларида кузатаётган нарса шуки, натижа эмас, очко олиш муҳим. Тушунтира олдимми? Агар менга очко бермаса, натижаси қизиқ эмас. Агар ундан қанақадир бир олқиш олмасам, шахсий манфаат бўлмаса, унинг натижаси нима бўлса бўлсин, менга қизиқ эмас. Мана шу ўринларни алмаштиришимиз керак. Натижага рози бўладиган бўлишимиз лозим. Натижадан роҳат оладиган бўлишимиз керак. Бугун ўша бир иш қилиб, унинг натижасидан роҳат туйиб, қалби хотиржам бўлиш учун мақсад пок бўлиши керак. Масалан, “мен тадбиркор ва бой бўламан, 10 та самолётим бўлади, мана бунақа битта районни сотиб оламан, ундай бўлади, бундай бўлади, деган мақсад билан бизнесга кириш бор. Лекин “мен бой бўлсам, ҳамма эҳтиёжмандларнинг ёнида тураман”, деб бизнес қилиш бор. Яъни бугун агар биз ўша мақсадларимизни натижага қаратмас эканмиз, “натижа бўлсагина мен рози бўламан”. Унинг ундан келадиган моддий манфаати ёки олқиш, бошқа нарсаларга маст бўлмайман. Қачонки, натижа бўлса, мен шунда рози бўламан, дейилса, биласизми, қанақа ишлашни бошлаймиз”, деди вазир.
Аввалроқ Озодбек Назарбеков “фестиваллар ўтказиш кўчани асфалт қилишдан кўра муҳимроқ”, дея фикр билдирганди. Шу билан бирга, Маданият вазири “Овоз” лойиҳасига сарфланган 2 млрд сўм учун маломат қилмасликни сўраган.
Изоҳ (0)