АҚШнинг Жоржия штатига тушган метеорит бўлаги уй томини тешиб ўтди. Олимларнинг аниқлашича, космик жисмнинг ёши Ерникидан ҳам каттароқ. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Космик тош 4,56 миллиард йил аввал пайдо бўлган бўлиб, бу Ер ёшидан қарийб 20 миллион йилга катта дегани. АҚШнинг жанубий штатлари осмонида 26 июнь куни кундузи чақнаб учган сирли “олов шар” аҳолининг эътиборини тортган. У ерга товуш тезлигидан тезроқ тушиб, Атланта шаҳри яқинидаги бир уйнинг томини тешиб ўтган.
Жоржия университети геологи Скотт Ҳаррисга кўра, метеорит томни тешиб, ҳаво қувури ичидан ўтиб, шифт ва полни зарарлаган. Зарба оқибатида пол юзасида 1,5 сантиметр ҳажмдаги кичик чуқурча ҳосил бўлган. Ҳаррис микроскоп остида 23 грамм бўлакларни ўрганиб, унинг Марс ва Юпитер орасидаги астероид камарига мансуб эканини ва 470 миллион йил аввал йирик астероид парчаланишидан ҳосил бўлганини тахмин қилмоқда.

Олимлар бу космик тошни ҳодиса бўлган Макдоноф шаҳри номи билан “Макдоноф метеорити” деб аташни таклиф қилмоқда.
Изоҳ (0)