Украина президенти Владимир Зеленский 10 август куни қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Тўқаев суҳбат чоғида қозоғистонликлар Украина халқига, унинг тарихи, маданияти, тилига самимий ҳурмат билан муносабатда эканини айтган. Сиёсатчи Қозоғистон Украинада халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида мустаҳкам тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эканини билдирган.
Президент Остона бошиданоқ адолатли асосда тинчлик формуласини биргаликда излаш тарафдори эканини, БМТ Уставига қатъий риоя қилиш, суверен давлатлар чегаралари дахлсизлиги ва уларнинг ҳудудий яхлитлигини изчил равишда қўллаб-қувватлашини эслатиб ўтди, дейилади Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Тўқаевнинг фикрича, ҳозирги мураккаб вазиятда можарони ҳал қилишга вазминлик ва оқилона ёндашиш, Украина давлатчилигини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш муҳим.
У ҳудудий масаланинг мураккаблигини тўлиқ тушунишини таъкидлади. Бироқ ҳозирги энг муҳим вазифа — Украинага халқаро миқёсда кафолатланган хавфсизлик асосида ўз давлатлигини сақлаб қолиш эканини билдирди. Қозоғистон Украина билан турли соҳаларда ҳамкорликни давом эттириш ниятида экани таъкидланди.
Маълумот ўрнида, Россия президенти Владимир Путин 8 август куни Қозоғистон етакчиси билан телефонда мулоқот қилганди. Шу куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам телефон суҳбати бўлиб ўтган.
Иккала мулоқотда ҳам Россия раҳбари Трампнинг махсус вакили билан бўлиб ўтган суҳбатнинг асосий натижалари ҳақида маълумот берган. Давлат раҳбарлари бўлажак учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан эди.
Изоҳ (0)