Бухоро вилояти солиқ бошқармаси “Техно инвест газ” МЧЖда текширув ўтказиб, унга нисбатан асоссиз равишда катта миқдордаги жарималар қўллаган. Бу ҳақда жорий йил 6 август куни Бош прокуратура хабар берди.

Маълум қилинишича, солиқчилар ўтказган аудит натижасида корхона солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, жавобгарликка тортилган.
Солиқ бошқармаси тадбиркорга нақд пулга сотилган 2021 йилдаги 1,4 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги товарлар учун қўшилган қиймат солиғига қўшимча 404,3 миллион сўм товон пули ҳисоблаган. Корхона гарданига 2022 йил учун ҳам ортиқча 42,8 миллион сўм компенсация тўлови илинган. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектига нисбатан яширилган солиқ базасининг 20 фоизи, яъни 375,1 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Кейин корхона солиқ идорасининг юқоридаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича маъмурий судга ариза билан мурожаат қилган. Суд томонидан аризани қаноатлантириш рад этилган. Шундан сўнг, “Техно инвест газ” МЧЖнинг аризасига асосан, Бош прокуратура томонидан мазкур суд қарорлари қонунийлиги ўрганилган. Солиқ органи томонидан текшириш даврида тадбиркорлик субъектига асоссиз қўшимча солиқлар қўлланилгани маълум бўлган.
“Шунга кўра, Бош прокуратуранинг суд қарорларига нисбатан келтирган протести Олий суд томонидан қаноатлантирилиб, тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш таъминланди”, дейилади манба хабарида.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура томонидан суд қарорлари қонунийлигини ўрганиш ишлари фаол давом эттириляпти.
Аввалроқ Қашқадарёда тадбиркорга электр токидан 185 миллион сўм асоссиз қарз ёзилгани хабар қилинганди. Рақобат қўмитаси тадбиркор ҳуқуқи ҳимоя этилиб, асоссиз ёзилган қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши таъминланганини билдирган.
Изоҳ (0)