Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида жойлашган дам олиш масканида чўмилаётган 23 ёшли йигит вафот этди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов буни тасдиқлади. Воқеа 31 июль куни дам олувчиларнинг кўз ўнгида юз берган. 23 ёшли С.Д. таниши билан ҳордиқ чиқариш учун келган. Соат 16:25 атрофида пляжда дам олаётганлардан бири унинг сувда ҳаракатсиз ҳолатда, боши сувга ботган ҳолда турганини пайқаган. Эркак унинг олдига сузиб бориб, қирғоққа олиб чиққан.
Воқеа жойига дам олиш масканининг шифокорлари чақирилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, С.Д. вафот этган. Суд-тиббиёт экспертининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум ўлимига нафас йўлларининг сув билан тўсилиб қолиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, сув ҳавзаси чуқурлиги 1,7 метрни ташкил этади. Ҳодиса жойи тезкор-тергов гуруҳи аъзолари ва мутахассислар томонидан криминалистика-техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, сув ҳавзасидан текшириб кўриш учун намуналар олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
23 июль куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманидаги Ақчакўл сув ҳавзасида бир оиланинг 3 нафар аъзоси чўкиб кетганди. 36 ёшли аёл ва унинг 12 ва 10 ёшдаги қизлари ҳалок бўлган. Шу куни Наманганда икки ўсмир каналда чўкиб кетди.
Изоҳ (0)