Сибирда 2 500 йиллик музлаган аёл мумиёси топилди. Олимлар унинг танасига чизилган юқори аниқликдаги татуировкаларни бизнинг замонамиз учун ҳам мураккаб деб топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Тадқиқотчилар пазирик кўчманчиларига мансуб бўлган, ёши тахминан 50 атрофидаги аёл жасадини ўрганиб чиққан. У Европа ва Хитой оралиғидаги даштларда яшаган кўчманчи отлиқлар жамиятига тегишли бўлган. Аёл танасида леопардлар, буғу, хўроз, шер ва бургутдан иборат афсонавий мавжудот татуировкалари акс эттирилган. Пазирик муз мумиёлари ХIX асрда Сибирдаги Олтой тоғларидан ҳам топилган, аммо шу пайтгача татуировкали жасадларга дуч келинмаганди.
Немис олими Гино Каспари бошчилигидаги гуруҳ татуировкаларни Европанинг энг йирик санъат музейларидан бири — Санкт Петербургдаги Эрмитажда инфрақизил рақамли суратга олиш технологияси ёрдамида сканер қилган. Натижада кўз билан кўринмайдиган нозик ва аниқлик билан чизилган нақшлар яққол кўринган.

Татуировкаларни таҳлил қилишда тадқиқотчи Даниэль Ридай ҳам иштирок этган. Унга кўра, аёлнинг икки қўлидаги татуировкалар турли одамлар томонидан чизилган бўлиши мумкин. Чунки, жасаднинг ўнг қўлидаги нақшлар анча пухта, чап қўлида эса бир оз хатоликлар бор. Бу эса қадимда ҳам татуировка санъати яхши ривожланганидан далолат беради.

Тадқиқотда татуировкалар терига аввал андоза орқали туширилгани, кейин эса ҳайвон шохи ёки суягидан ясалган игна ёрдамида чизилгани аён бўлган. Пигмент ранг беришда эса куйдирилган ўсимлик ёки кулдан фойдаланилган бўлиши мумкин. Қолаверса, аёл жасади дафн этилишидан олдин айрим татуировкалар кесилган ёки зарар кўрган. Ушбу тадқиқотнинг натижалари Antiquity илмий журналида чоп этилган.
Изоҳ (0)