Польша бош вазири Дональд Таск навбатдаги ҳукумат йиғилишида мамлакатда сўнгги ойларда саботаж ва ёнғин ҳодисаларида иштирок этган 32 нафар шахс қўлга олинганини маълум қилди. Улар Россия манфаатлари учун ишлагани айтилмоқда. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

“Биз Россия махсус хизмат кучлари билан ҳамкорликда бўлган, уларга саботаж ва ҳужумлар уюштириш топшириғи берилган 32 кишини ҳибсга олдик,” деди Таск Варшавадаги йиғилишда.
Унинг айтишича, Россия Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларни беқарорлаштириш мақсадида Польшани ушбу “гибрид уруши”нинг нишонига айлантирган. Бу уруш доирасида Беларусда мигрантлар орқали ёнғин, киберҳужум ва ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот тарқатиш ишлари олиб борилмоқда.
Украина армияси расмийси ҳам 22 июль куни Европа Иттифоқи ва Польшани Россиянинг эҳтимолий агрессиясига қарши фуқаролар ва ҳарбийларни тайёрлашга чақирган. Чунки “гибрид уруш аллақачон бошлангани” айтилмоқда.
Польша, АҚШ ва Германия разведкалари эса Россия ва Хитой 2027 йилгача “тажовузкор ҳаракатлар”га тайёр бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Польша махсус хизматлар координатори Яцек Добжинскийнинг маълум қилишича, колумбиялик шахс 2024 йили Варшава ва Радом шаҳарларида икки бор ёнғин уюштиришда гумон қилинмоқда.
27 ёшли бу гумонланувчи Россия разведкаси топшириғи билан ҳаракат қилгани айтилмоқда. Польшанинг Ички хавфсизлик агентлиги уни чет эл разведкаси фойдасига ҳаракат қилишда айблаб, жиноий иш очган.
Добжинскийга кўра, ушбу шахс илгари Чехияда терроризмда айбланиб, 8 йилга қамалган. Энди эса у Польшада яна 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Ҳозирда тергов остида бўлганлар орасида полшалик, россиялик, украиналиклар ва беларуслар бор.
У, шунингдек, Россиянинг саботаж ҳаракатларига алоқадор асосий шахс хорижда қўлга олиниб, дипломатик саъй-ҳаракатлар билан Польшага олиб келинганини таъкидлаган.
“Саботаж ва ҳужумлар ортидаги шахсларни аниқлашда самарали ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо реал хавфсизлик огоҳлантирувини эълон қилиш вақти келди деб ўйлайман”, деди Таск.
Шунингдек, у сиёсий доиралар орасида ҳам Россия билан билвосита ёки бевосита ҳамкорлик қилаётганлар борлигидан огоҳлантириб, шундай деган:
“Кимки Польша давлатининг тинчлигига раҳна солса, у бевосита ёки билвосита Россия хизматларига хизмат қилмоқда. Биз бундайларга ачиниб ўтирмаймиз”.
Изоҳ (0)