Америка қўшма штатлари Европадаги қўшинлари сонини 30 фоизга қисқартириши мумкин. Бу ҳақда Politico ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ Пентагон раҳбарлигида бутун дунё бўйлаб ўзининг ҳарбий мавжудлигини кенг кўламли қайта баҳолаш — Глобал кучлар жойлашуви шарҳини (Global Force Posture Review) ўтказмоқда.
Унинг мақсади Америка кучларини ўзгараётган глобал устуворликларга, айниқса Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги кучайиб бораётган кескинлик ва АҚШнинг ташқи харажатларини камайтириш босимига мувофиқ қайта гуруҳлашдир. Якуний ҳисобот сентябргача эълон қилиниши кутилмоқда.
Германия ташқи сиёсат кенгашининг хавфсизлик сиёсати бўйича катта илмий ходими Айлин Матле таъкидлашича, Глобал кучлар шарҳининг эҳтимолий натижаларидан бири Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг 2022 йилда ўша пайтдаги президент Жо Байден даврида Европага юборилган 20 мингга яқин америкалик ҳарбий хизматчиларнинг қайтарилиши бўлади.
Унинг қўшимча қилишича, бу ҳали ҳам сезиларли Америка мавжудлигини билдиради, қитъадаги Америка қўшинларининг ҳозирги сони 90 мингдан 100 минггача кишини ташкил этади.
Бироқ бошқа маълумотларга кўра, қисқартириш анча катта бўлиши мумкин.
“Исмини ошкор қилишни истамайдиган НАТО амалдорларидан бири Politico нашрига Европадаги қўшинлар сони 30 фоизгача қисқариши мумкинлигини очиқчасига айтди. Бу эса янада кенг кўламли қайта гуруҳланишни англатади”, дейди муаллифлар.
Германияда Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда анча кўп америкалик аскарлар жойлашган. Ушбу мамлакатда 35 000 га яқин америкалик ҳарбий хизматчи 35 га яқин муниципалитетда хизмат қилмоқда. Уларга АҚШ ҳаво операциялари ва сунъий йўлдош алоқасининг марказий тугунини ташкил этувчи Рамштайн авиабазаси; ҳарбий маълумотларга кўра, Қўшма Штатлардан ташқарида АҚШ армиясининг энг йирик ўқув полигони бўлган Графенвер, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун муҳим штаб-квартира киради.
Бироқ Айлин Матленинг таъкидлашича, АҚШнинг Европада бўлиши Вашингтон манфаатларига ҳам хизмат қилади.
“Рамштайн каби базалар нафақат Европа мудофааси учун, балки Яқин Шарқ ва маълум даражада Африкага кучларни йўналтириш учун ҳам ишлатилади. Масалан, Европа дунёнинг бошқа қисмларига Америка ҳарбий техникасини етказиб бериш учун “ўтиш пункти” вазифасини ўтаган”, деди у.
Изоҳ (0)