Буюк Британия бош вазири Кир Стармер зудлик билан Ғазо секторига гуманитар ёрдам юборилишини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Таъкидланишича, секторга ёрдам юбориш мамлакат депутатларининг қарори билан амалга оширилмоқда. Хусусан, уларнинг 1/3 қисмидан кўпроғи (220 нафари) Фаластин давлатини тан олишга чақириб, расмий мактубни имзолаган.
Исроил 25 июль куни сектордаги гуманитар вазиятдан халқаро хавотирнинг кучайиши фонида яқин кунларда хорижий давлатларга ҳаводан ёрдам ташлашга рухсат беришини айтганди. Бироқ БМТ ва бошқа ташкилотлар бу ёрдам секторни тўлиқ таъминлай олмаслигини билдириб, осмондан тушаётган қутилар одамларга жароҳат етказишини таъкидламоқда.
Бу орада Британия бош вазири анклавдаги тиббий ёрдамга муҳтож болаларни даволаш учун Британияга эвакуация қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар жадаллаштирилаётганини маълум қилган.
“Исроил Ғазога гуманитар ёрдам киритишга жуда кеч рухсат берди. Биз секторга ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Жумладан, бу борада Иордания ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу гуманитар инқирозга нуқта қўйиш лозим”, деб баёнот берган Кир Стармер.
У келаси ҳафта бошида АҚШ президенти Дональд Трамп билан Исроил ва ҲАМАС ўртасида тинчликка эришиш масаласида учрашув ўтказишни режалаштирган.
Маълумот учун, Исроил мудофаа кучлари 27 июль куни эрта тонгда Ғазога ёрдам киритиш бошланганини эълон қилган. Жумладан, секторга ҳаводан ун, шакар ва консервалардан иборат 7 та ёрдам пакети ташлангани очиқланган. Шунингдек, яҳудий давлати 27 июль куни соат 10:00 дан 20:00 гача (Ўзбекистон вақти билан 12:00 дан 22:00 гача) Ал-Мавосий, Дайр-ал-Бало ва Ғазо шаҳарларида гуманитар ёрдам кириши учун тинчлик ўрнатилиб, ўт очиш тўхтатилишини маълум қилган.
Буюк Британия Ғазога аввал ҳам гуманитар ёрдам тарқатиш саъй-ҳаракатларида иштирок этган. Мамлакат 2024 йили Иордания билан биргаликда Ғазо шимолига дори-дармон, озиқ-овқат ва ёқилғи каби тонналаб юкларни парашют орқали ташлаганди.
Изоҳ (0)