Мадриднинг “Реал” клуби бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниорнинг келажаги борасида бир қарорга келди. Defensa Central нашрининг хабарига кўра, “қаймоқранглилар” 25 ёшли футболчини 2026 йилда сотиш вариантини кўриб чиқмоқда.

Маълум қилинишича, клуб ва футболчи ўртасида шартномани узайтириш бўйича олиб борилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. Винисиуснинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар амал қилади, бироқ у Килиан Мбаппе билан тенг маош олишни талаб қилмоқда. Бироқ “Реал Мадрид” раҳбарияти бундай юқори молиявий талабларни қондиришга тайёр эмас.
Агар томонлар яқин орада келишувга эриша олмаса, “қироллик клуби” бразилиялик футболчини 2026 йилгача сотиб юборишни режалаштириши мумкин. Бу орқали клуб уни бепул қўйиб юбормаслик ва трансфердан даромад олишни мақсад қилмоқда.
Аввалроқ футболчига Саудия Арабистонининг бир қанча клублари ҳамда Англия Премьер Лигасининг “Ливерпуль” жамоаси жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, Винисиус Жуниор 2025 йил ёзида бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 6 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган.
Изоҳ (0)