АҚШ Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (НАСА) раҳбарияти ходимлар сони 3 870 кишига камайиб, тахминан, 14 минг кишига тушишини кутмоқда. Бу ҳақда космик идоранинг расмий вакили Шерил Уорнер маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, НАСА “оптималлаштириш ва самарадорликни ошириш зарурати билан Ой ва Марсни ўрганишни ҳам қамраб олган космик тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги олтин асрга тўлиқ интилиш имкониятини сақлаб қолиш ўртасида мувозанатни таъминлаш” ниятида.
Уорнер келтирган маълумотларга кўра, бошқарманинг 3 870 га яқин ходими (умумий сонининг 21 фоизи) иккита қисқартириш дастурида иштирок этишга розилик билдирган. Ушбу дастурлар доирасида ходимларга қўшимча тўлов ёки бошқа имтиёзли шартлар асосида ихтиёрий равишда ишдан бўшаш имконияти берилади.
Аниқлик киритилишича, НАСА раҳбарияти ушбу икки дастур амалга оширилгандан сўнг ва одатдаги кадрлар алмашинуви ҳисобга олинганда, бошқарув ходимлари сони, тахминан, 14 минг кишини ташкил этишини кутмоқда. Идора вакили бу баҳолаш ўзгариши мумкинлигини истисно қилмаган. У эслатиб ўтилган хизматчиларни ишдан бўшатишнинг аниқ муддатларини келтирмаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти илгари бир қатор идораларда оммавий қисқартиришларни бошлаган эди. Бу ишда миллиардер Илон Маск фаол иштирок этди. У яқин вақтгача идоранинг федерал ҳукумат самарадорлигини ошириш (DOGE), кенгайиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва бюрократияга қарши курашиш бўйича ишларини назорат қилган.
Изоҳ (0)