Кино оламида актёрларнинг йиллар, ҳаттоки ўн йиллар ўтгач, ўзларининг машҳур ролларига қайтиши тез-тез учраб туради. Бундай қайтишлар мухлислар томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинади, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинади ва кўпинча йилнинг энг муҳим воқеаларидан бирига айланади. Айрим қайтишлар олдиндан тахмин қилинган бўлса-да, баъзилари ҳақиқий сюрприз бўлиб чиққан.
Киану Ривз — Нео

1999 йилда “Матрица” фильми экранларга чиққанида бу кино оламида ҳақиқий инқилоб бўлди. Ушбу илмий-фантастик жангари фильм фалсафий мазмунга эга. Бош қаҳрамон Томас Андерсон оддий дастурчи бўлиб, кутилмаганда бутун атрофдаги дунё аслида фақат иллюзия, яъни одамларни назорат қилиш учун машиналар томонидан яратилган компьютер симуляцияси эканини билиб олади. Киану Ривз фильмда Нео ролини ижро этган. У виртуал уруш тақдирини ўзгартиришга қодир “Танланган” исёнчи.
Трилогия 2003 йилда якунланган ва ўшанда бу ҳикоя бутунлай тугаган деб ҳисобланган эди. Бироқ 2021 йилда, деярли 20 йилдан сўнг Киану Ривз кутилмаганда Нео “Матрица: қайта тирилиш” фильми орқали ролига яна қайтди. Қолаверса, афсонавий Тринити образини ижро этган Керри-Энн Мосс ҳам ўз ролига қайтди.
Бу кўпчилик учун ҳақиқий сюрприз бўлди. Ахир Нео учинчи фильм финалида ҳалок бўлган эди. Нео образининг қайтиши фильмда “Матрица”нинг янги, янада мураккаб ва хавфли версиясида у “қайта тирилган” деган ғоя билан тушунтирилди. Киану Ривз эса бу ролдаги қайтишини оригинал ҳикояга бўлган муҳаббати билан изоҳлади.
Бироқ фильмга нисбатан муносабатлар икки хил бўлди. Баъзи мухлислар Ривзнинг қайтишидан, носталгия ва “Матрица”ни янгича талқинда кўришга бўлган уринишдан хурсанд бўлишди. Бошқалар эса сценарийни танқид қилиб, Neonинг қайтиши ҳеч қандай мантиққа эга эмаслигини таъкидлашди.
Ҳаррисон Форд — Индиана Жонс

Индиана Жонс — кино тарихидаги энг машҳур қаҳрамонлардан бири. У илк бор 1981 йилда экранларда “Индиана Жонс: йўқолган кеманинг босқинчилари” фильми орқали пайдо бўлган. Археолог ва саргузашт изловчи сифатида Индиана ўзида профессор ва суперқаҳрамон образларини мужассам этган: у университетда дарс ўтарди, сўнг эса дунёни қутқариш учун нацистлар, қадимий лаънатлар ва унутилган ибодатхоналардаги тузоқларга қарши курашарди.
Индиана Жонс 2008 йилда “Индиана Жонс ва афсонавий биллур чаноқ” фильмида яна экранга қайтди. Аммо бу фильм аввалги уч қисмдаги шон-шуҳратни такрорлай олмади. Шунга қарамай, 2023 йилда, орадан 15 йил ўтиб Форд бешинчи фильмда яна ўзининг машҳур шляпасини кийиб, қамчисини қўлга олди. Бу сафар фильм “Индиана Жонс ва тақдир чархпалаги” деб номланди. Ўша пайтда актёр 80 ёшга кирган эди ва унинг бундай саргузаштли ролга қайтиши ўзи бир янгилик бўлди.
Томошабинлар ҳайратда қолишди: Форд ўзининг афсонавий қаҳрамони билан муносиб, ҳатто чуқур драматик тарзда хайрлашди. Ҳаррисон Форд яна бир бор исботлади: ёш — саргузаштлардан воз кечиш учун баҳона эмас.
Юен МакГрегор — Оби-Ван Кеноби

Оби-Ван Кеноби — “Юлдузлар жанги” сагасининг марказий қаҳрамонларидан бири. 1970 йилларда яратилган асл трилогияда бу образни Алек Гиннесс ижро этган. У донишманд ва бир оз сирли Жеди бўлиб, Люк Скаюокернинг устозига айланган ва Дарс Вейдер билан дуэлда ҳалок бўлган.
Кейинчалик Жорж Лукас 1990 йиллар охирида янги приквелларни суратга ола бошлаганида Оби-Ваннинг ёшликдаги ролини шотландиялик актёр Юен МакГрегор бажарди. У Жеди бўлиб, Республика гуллаб-яшнаган даврда яшаган. МакГрегор образига янги ҳаёт бахш этди: унга ҳиссиёт, ҳазил ва харизма олиб келди ва кўплаб мухлислар учун энг яхши Оби-Ванга айланди.
Приквел трилогияси тугагач, узоқ йиллар давомида Оби-Ван ҳақидаги ҳикоя якунланган деб ҳисобланган эди. Аммо 2022 йилда Дисней “Оби-Ван Кеноби” сериалини чиқарди ва Юен МакГрегор 17 йил ўтиб, яна ўзининг афсонавий ролига қайтди. Воқеалар учинчи ва тўртинчи эпизодлар оралиғида содир бўлади: Оби-Ван Татуин сайёрасида яширинча Люкни кузатмоқда, бироқ бирданига янги саргузашт — кичик шаҳзода Леянинг ўғирланиши ва ўтмишдаги соя, жумладан, Дарс Вейдер билан юзлашишга тортилади. Қолаверса, бу сериалда Ҳейден Кристенсеннинг иштироки яна бир муҳим қайтиш бўлди.
Линда Ҳемилтон — Сара Конор

1984 йилда чиққан биринчи “Терминатор” фильми нафақат афсонавий жангари, балки бутун бир маданий ҳодисага айланди. Ҳикоянинг марказида оддий ёш аёл — Сара Конор бўлган. У келажакда ўғли машиналарга қарши урушда инсониятнинг бош етакчисига айланишини билиб қолади ва ортидан келган келажак кибер-қотилидан қочишга мажбур бўлади.
Биринчи фильмда Сара ожиз, аммо жасур аёл сифатида тасвирланган бўлса, 1991 йилги “Терминатор 2: қиёмат куни” фильмида у бутунлай бошқача — кучли ва ўз мақсадига содиқ жангчи ролида кўринади. Сара энди шунчаки она эмас, балки ҳақиқий курашчи бўлади.
Линда Ҳемилтон иккинчи фильмидан кейин франшизадан чиқиб кетди ва кейинги қисмлар усиз суратга олинди. Шунинг учун у деярли 30 йилдан кейин “Терминатор: қоронғи тақдир” фильмида ролига қайтганида, бу мухлислар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Муаллифлар аввалги қисмларни инкор этиб, иккинчи фильмнинг бевосита давомчисини яратишга қарор қилди. Сара яна кибер-қотилларга қарши курашчи сифатида экранда пайдо бўлди. Арнольд Шварценеггер ҳам ўз ролига қайтди.
Фильм катта муваффақият қозона олмади, аммо кўпчилик Линда Ҳемилтоннинг образдаги қаттиққўл ва мағрур қиёфасини юқори баҳоланди — ҳатто 60 ёшдан ошган бўлса ҳам, у таслим бўлишдан йироқ.
Тоби Магуайр ва Эндрю Гарфилд — Ўргимчак одам

2002 йилда Сем Рейми томонидан суратга олинган “Ўргимчак одам” фильми чиққач, Тоби Магуайр кўпчилик учун “классик” Питер Паркерга айланди — камтар, суперқаҳрамонлик ва оддий ҳаётни бирга олиб боришга уринган меҳрибон йигит. Трилогия 2007 йилда якунланди.
2012 йилда эса франшиза қайта ишга туширилди ва янги Питер Паркер ролига Эндрю Гарфилд танланди. Бироқ унинг ҳикояси режиссёрлар алмашуви сабаб тўхтаб қолди — иккинчи фильм билан чекланганди.
2021 йилда чиққан “Ўргимчак одам: уйга йўл йўқ” фильмида эса кутилмаган ҳодиса юз берди — Тоби ва Эндрю бир экран юзида янги Ўргимчак одам — Том Ҳолланд билан бирга пайдо бўлди. Уларнинг қайтиши фильм чиққунга қадар сир сақланган эди ва бу саҳна бутун дунё кинотеатрларида олқишлар билан қарши олинди. Ҳикоя бўйича, бузилган мултикоинот сабаб улар битта реалликка тушиб қолади.
Бу фильмда ҳар икки образга ўз ҳикояларини “якунлаш” имконияти берилади: Эндрю ўз версиясида сақлаб қололмаган Гвенни бу сафар қутқаради, Тоби эса кичик Питерга устозлик қилади. Бу қайтишлар нафақат фильмни чиройли қилишга хизмат қилди, балки Ўргимчак одам тарихига ҳурмат сифатида қабул қилинди. Бу сўнгги йиллардаги энг ёқимли ва муваффақиятли қайтишлардан бири бўлди.
Майкл Китон — Бетмен

Режиссёр Тим Бёртон комиксларни экранлаштиришга киришгач, у қоронғи, готик “Бетмен” фильмини яратди. Бош ролга эса кўпроқ комедик роллари билан танилган Майкл Китон тасдиқланди. Бу жасур қарор эди, аммо у ўзини оқлади — Китоннинг ички курашларга тўла ва жиддий Бетмени янги классикага айланди. Фильм катта муваффақиятга эришди, 1992 йилда эса “Бетмен қайтади” номли давомий қисми чиқди.
Аммо орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2023 йилда Китон яна Бетмен ролига “Флеш” фильмида қайтди. Ҳикоя бўйича мултикоинот назоратдан чиқади ва бош қаҳрамон Барри Аллен бошқа реалликка тушиб қолади — у ерда Бетмен ҳали ҳам Китон версиясидир.
“Флеш” фильми умуман олганда тижорий жиҳатдан муваффақиятли бўлмади, танқидлар ҳам аралаш эди. Бироқ Майкл Китоннинг қайтиши деярли бир овоздан фильмнинг энг яхши нуқтаси сифатида баҳоланди. Бу носталгия билан тўла камолот тимсоли бўлди ва кўплар учун замонавий суперқаҳрамон кинолари айнан ўша даврда бошланганини эслатди.
Изоҳ (0)