Буюк Британия Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгандан сўнг Фаластин давлатини тан олиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик бош вазири Кир Стармер Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.

“Энг яқин иттифоқчиларимиз билан биргаликда урушдан азият чекаётганларнинг ҳаётини ўзгартирадиган амалий ечимларга эътибор қаратган ҳолда минтақада тинчлик ўрнатиш стратегияси устида ишламоқдаман. Ушбу стратегия ўт очишни тўхтатишни узоқ муддатли тинчликка айлантириш учун зарур бўлган аниқ қадамларни ўз ичига олади. Фаластин давлатини тан олиш ана шу қадамлардан бири бўлиши лозим. Бу масаладаги нуқтайи назарим аниқ”, деди Британия ҳукумати раҳбари.
Шу билан бирга, Стармер Фаластинни тан олиш “икки давлатнинг ёнма-ён яшаши тамойили асосида Фаластин-Исроил можаросини ҳал этишга ва фаластинликлар ҳамда исроилликлар учун узоқ муддатли хавфсизликни таъминлашга олиб келадиган кенг қамровли режанинг бир қисми бўлиши керак”лигини таъкидлаган.
Financial Times газетаси Стармер АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти билан муносабатларни бузмаслик учун Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга шошилмаётганини хабар қилганди. Нашрнинг ёзишича, Вашингтон АҚШ иттифоқчиларини Фаластинни тан олмасликка ундамоқда, чунки бу Ғазо секторидаги можарони ҳал қилишни қийинлаштиради.
Фаластин давлатини тан олиш тўғрисидаги банд 2024 йил июль ойида умумий сайловларда ғалаба қозониб, ҳокимиятга қайтган Буюк Британия Лейбористлар партиясининг сайловолди дастурида мавжуд эди. Бироқ унда бу қачон содир бўлиши мумкинлиги кўрсатилмаганди. Стармер аввалроқ Лондон Фаластинни “муносиб вақтда” тан олишини билдирганди.
Бундан аввал Франция президенти Эммануэл Макрон сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида мамлакат Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилганди.
Изоҳ (0)