Тошкентда Yandex хариталари ва навигаторида светофорнинг қайси чироғи ёнаётгани реал вақтда кўриш имконияти синов тариқасида ишга туширилди.

Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳага дастлаб пойтахтда синовдан ўтказилмоқда. Бу функция ҳозирча Yandex Maps ва Навигатор иловаларида Тошкентнинг айрим йўл кесишмаларида — масалан, Амир Темур проспекти ва Тикланиш ҳамда Гулёр кўчалари чорраҳасида ишламоқда. Кейинчалик бу имконият бутун шаҳар ва бошқа вилоятларга ҳам тарқатилади.

Янги функция ҳайдовчиларга — ҳатто светофор кўринмай турган вазиятларда ҳам (масалан, бошқа машина тутиб қолган бўлса) — унинг сигнали ҳақида олдиндан маълумот олиш имконини беради. Яқин вақт ичида хизматга таймер ҳам қўшилади: у орқали ҳайдовчи яшил чироқ ёқилишига қанча вақт қолганини кўра олади. Шунингдек, тўхтаб қолмаслик учун светофорлардан қандай тезликда ўтиш кераклигини кўрсатиш функцияси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Компания вакилларига кўра, бу тажрибаси камроқ ҳайдовчилар учун шаҳар ҳаракатини соддалаштиради ҳамда чорраҳалардаги хавф-хатарларни камайтиради. Шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўл режалаштиришини енгиллаштиради, ёнилғи сарфини ҳам камайтиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)