Қозоғистон паспортларига қор қоплонинг тасвири туширилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бауржан Аленовга таяниб Tengrinews хабар берди.

Вазирликка кўра, миллий паспортни ҳимоя қилиш даражасини ошириш устида иш олиб борилмоқда.
Фуқароларимиз 43 та давлатга визасиз ташриф буюриши мумкин. Паспорт барча халқаро стандартларга жавоб беради, барча зарур ҳимоя элементларига эга. Ҳозир биз қўшимча ҳимоя даражаларини жорий этиш устида ишлаяпмиз, деди Аленов.
У Қозоғистон паспортининг янги версияси қандай кўринишда бўлишини кўрсатди. Расмда қор қоплонини кўриш мумкин, у кўпинча давлат рамзлари, спорт клублари ва бошқа ташкилотларнинг эмблемаларида акс эттирилган.
Май ойида Қозоғистонда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва алмаштириш тартибига ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги хабар қилинганди. ИИВ амал қилмайдиган ҳужжатларнинг такрорий фойдаланилиши ҳолатлари кўпайгани сабабли янги ҳужжат расмийлаштирилаётганда эскиларини дарҳол олиб қўйишни таклиф қилган. Ҳозирча бу фақат паспортларга тааллуқлидир.
2025 йилги Henley Passport Index рейтингида Қозоғистон паспорти 65-ўринни эгаллаган эди. Бу ўтган йилга нисбатан бир поғона юқоридир. Қозоғистон фуқаролари ҳозирда 77 та давлатга визасиз ёки соддалаштирилган тартибда бора олади. Рейтингда Сингапур етакчилик қилмоқда (195 та визасиз йўналиш), энг қуйи ўринни эса Афғонистон эгаллаган (26 та мамлакат). Ўзбекистон эса 80-ўринни (62 та давлатга визасиз бориш) қайд этганди.
Изоҳ (0)