Судьялар олий кенгаши ва жойлардаги судьялар Малака ҳайъати ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар одоби комиссиялари ташкил этилган. Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг “Дарё”га берган изоҳига кўра, комиссия ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материаллардаги судьяларнинг хатти-ҳаракатларига оид масалаларни ўрганиб чиқади.

“Бундан ташқари, Комиссия жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган Судьялар одоби кодексининг ахлоқ ва маънавиятга оид хос қоидалари бузилганлиги оид мурожаатларни ҳам ўрганади ва тегишли хулоса беради.
Судьялар одоби кодексида судья нафақат касбий фаолиятини амалга ошириши жараёнида, балки хизматдан ташқари вақтда ҳам риоя этиши лозим бўлган қоидалари ҳам етарли. Улар оммавий ва кўнгилочар тадбирларда иштирокидан тортиб, бошқалар билан муносабати, муомаласи, кийиниши, ҳатто шахсий ҳаёт чегарасидан чиқмаган ҳолда турмуш тарзигача бўлган обод-ахлоқ меъёрларидан иборат. Ушбу талаблар бузилганлиги эҳтимолига аниқлик киритиш, ўрни келганда ўзгачароқ ёндашув, тор доирада муҳокама заруриятини юзага келтириши мумкин. Судьялар одоб комиссиялари шунинг учун ҳам кераклигини тажрибалар кўрсатди”, деди Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби.

Масъулнинг алоҳида таъкидлашича, Комиссиялар ишига вилоят суди раиси ва ўринбосарлари таъсир ўтказолмайди.
Бундай имконият йўқ даражада. Чунки, холисликни таъминлаш ва аралашувлар эҳтимоллари олдини олиш учун шундай тартиб жорий этилганки, унга кўра, барча даражадаги судлар раиси ва ўринбосарлари Судьялар одоб комиссияси аъзолигига сайланиши мумкин эмас. Мазкур талаб жойлардаги судлар Малака ҳайъатининг наинки раислари, балки аъзоларига ҳам тааллуқли.
Иккинчидан, дейлик, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раҳбарларининг (жумладан, Олий суд аъзоларининг ҳам) Судьялар одоби кодекси қоидаларини бузганига доир масалалар жойлардаги Одоб комиссияларида эмас, аксинча, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги шундай тузилма томонидан кўриб чиқилади, деди Турсунали Акбаров.
Қўшимча қилинишича, Комиссия хулосаси судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказишга (ёки аксинча) асос бўлади.
Daryo' эслатади: Жазоланган судьялар
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси йўл-транспорт ҳодисасига учраган, оқибатда у билан битта автомашинада бўлган адвокат ҳалок бўлиб, ўзи эса у турли даражада тан жароҳати олганди. Унга суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Оҳангарон тумани судида манзил колонияда жазо муддатларини ўтаётган 14 нафар шахснинг ишини кўриб чиқиш вақтида судья мантиясиз, баённома юритмасдан иш кўргани учун мазкур туман судининг раиси ва судьясига нисбатан огоҳлантириш интизомий жазо чораси қўлланилган.
Оққўрғон тумани суди раиси суд ҳукми ёзилишида эътиборсизликка йўл қўйгани учун маошининг 20 фоизи миқдорида жарима интизомий жазога тортилган.
Яккабоғ туманида судьянинг хатоси сабаб эркак ногиронлик нафақасини ололмай қолгани учун судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилиб, тегишли интизомий жазо қўлланилган.
Қува туман суди раиси ўзи кўриб чиққан, бироқ ҳали қонуний кучга кирмаган жиноят иши бўйича марказий телеканаллардан бирига интервью бергани учун интизомий жазо олган.
Тошкент шаҳридаги кафеларнинг биридан маст ҳолда чиққан ва машина ўғирлашда гумонланган судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилиб, унга нисбатан жиноий иш очилган.
Изоҳ (0)