Таниқли хонанда Гули Асалхўжаева “Миллий” телеканалининг “Аёл қалби” кўрсатувига берган интервьюсида фарзанд доғини кўргани ҳақида сўзлаб берди.
“Ҳечам қизим йўқлигидан афсусланмаганман. Демак, Аллоҳ менга шу тақдирни раво кўрибди, деганман. Фарзандларимнинг борига шукур қиламан. Лекин қиз бола бошқача бўларкан. Чунки ўғлим Жаҳонгирнинг биринчи фарзанди қиз бўлди. Уни катта қилиш жараёнида биляпманки, невара барибир ширин бўларкан”, дейди хонанда.
Гули Асалхўжаева фарзандни ўғил ва қизга ажратмай қадрига етишни ўргатган ҳаётий сабоқ ҳақида ҳам сўзлаб берди.
“Аёл кишига фарзанд берилмаса, бу ҳаёт қизиқмас. Фарзанд билан қизиқ бўлади ҳаётингиз ҳам. Бунга битта мисол, Жаҳонгирдан катта ўғлим бор эди. Аллоҳ мендан уни 4 ёшида олиб қўйди. Шунда жуда ёмон вазиятга тушганман. Буни фарзанд доғини кўрган аёллар жуда яхши тушунишади. Ҳозир ҳам кимнингдир фарзанди шундай бўлибди, деб эшицам, ярам янгиланади. Боламнинг иссиғи чиқаверган. Олти ой мобайнида кўрсатмаган шифокоримиз қолмаган. Ҳамма таҳлиллари яхши чиқади, лекин иситмаси тушмасди. Ҳатто унинг қандай касал эканлигини ҳам аниқлай олишмаган. Жаҳонгир туғилиб, бизга бошқа ҳаёт бағишлагандек бўлган. Акаси худди Жаҳонгирга ўхшарди. Жаҳонгирни қўлимга олсам худди ўша ўғлимни кўргандек бўлиб, кечалари билан йиғлаб чиқардим. Ўшанда мен фарзанднинг қадрига етганман”, дейди Гули Асалхўжаева.
Изоҳ (0)